Ўзи бу қандай лойиҳа?
АҚШнинг Сан-Франциско шаҳрида кремний водийси бор ва бу жойда дунёнинг гигант IT компаниялари фаолият юритади. Стив Жобс ва Стив Вознякнинг Apple компаниясини очиш ғояси ҳам айнан шу водийдаги бир “гараж”да пайдо бўлган. Аммо бугунги мавзу бу эмас, балки келгусида шундай инновацияларни амалга ошириш учун имконият берадиган ўзбекча “кремний водийси” ҳақида.
Олмазор туманида Innogroup компанияси томонидан мана шундай лойиҳа амалга оширилмоқда. Компания 2019 йилда Шавкат Мирзиёевнинг 1 млрд сўм маблағ ажратиши билан ташкил этилган бўлиб, 3D принтерли лабораториялари орқали 20 дан ортиқ ишлаб чиқариш йўналишларига хизмат кўрсатади.
“Лойиҳамиз доирасида президент Шавкат Мирзиёевга 3D моделлаштириш технологиясини ривожлантириб, бошқа йўналишларга ҳам татбиқ этишга ваъда берган эдик. Лойиҳа татбиғини тумандаги 33 та мактабда амалга оширяпмиз. Бу жараёнда мактабларнинг ҳаммасига босқичма-босқич 3D моделлаштириш, прототиплаш лабораторияларини ўрнатяпмиз”, – дейди компания асосчиси Беҳзод Тўхтамуродов ОАВга берган интервьюсида.
Лойиҳага кўра, дастлабки босқичда тўртта мактабда робототехника ва инжиниринг марказларини, иккинчи босқичда қолган таълим муассасаларида мехатроника ва VR (виртуал реаллик) таълим марказларини очиш режалаштирилган. Мехатроника ҳамда VR марказларида ўқувчилар ўйлаган ғояларини моддиятга айлантириши учун керак бўладиган барча асосий қурилмалар жойлаштирилади.
Дарслар қандай олиб борилади?
Тумандаги мактабларда ўқувчиларга робототехникани ўргатаётган устозлардан бири Абдулҳай Мадаиповнинг айтишича, ўқув дастури асосий 3 босқичдан иборат.
“Биринчи босқичимиз – бошланғич, яъни 2-4-синф, иккинчиси – ўрта босқич, 5-9-синф ва юқори босқичимиз, 10-11-синфларни ўз ичига олган. Ўқувчилар дастурлаш, электроника, механика ва сунъий интеллектни ўрганишади. Биздаги билим олиш жараёни замонавий STEM таълими асосида амалга оширилади. Соддароқ тушунтирсам, дейлик, валли роботини ясаш учун бир нечта фанларнинг – математика, физика, инженерия, механика, электроника, дастурлаш орасида интеграция бўлиши керак бўлади. Мана шу интеграция роботни ясашга ёрдам беради, энг қизиғи, буни бола эмоционал ҳолатда ясайди. “Мен математикани ёки физикани ўрганяпман”, деб ўйламайди ва буни ўзи билмаган ҳолда ўзлаштиради. STEM таълими шундай бўлади”, –














