Қорақалпоғистоннинг олис ҳудудида таълим олиб, Нукусдаги президент мактабига иккинчи ўринда кирган қизалоқ Айжамал Сакбергенова ҳақида ўқигандингиз. Онасининг ёлғиз ёрдамчиси бўлгани ва оиланинг қизчани шаҳарда ўқитиш имкони бўлмагани учун онаси дастлаб Айжамалнинг президент мактабида ўқишини хоҳламаган, лекин қизалоқ юқори натижа билан мактабга киргач уни ўқишга жўнатган эди. Ҳали энди 5-синфда ўқиётган қизалоқнинг ҳикоясини тўлиқ тинглашни хоҳладик.

“Укамга қараб турардим...”

Қораўзак туманидаги 17-мактабда ўқиганман. Оилада онам, укам ва мен яшаймиз. Онам мактабда қорақалпоқ тилидан дарс беради. Онам тушгача мактабда дарс беради, менинг эса ўқишим тушдан кейин эди. Шунинг учун тушлик вақти онам мактабдан қайтгунча уйда укамга қараб турардим.

Бундан ташқари, кунлик юмушларимга қўшнимизнинг қудуғидан уйга сув ташиш ҳам кирарди. Кечки пайт эса мактабдан қайтиб, дарсларимни қилардим.

Ўқишни жуда яхши кўраман. Мактабда ўқитувчи ҳали ўтиб бермаган мавзуларни очиб ўқиб кўрардим ва олдиндан билиб олишга қизиқардим. Онам ҳам китоблар келтириб берар эди.

Инглиз тилини дадам бор пайтида (Айжамалнинг дадаси вафот этган) биргаликда китоблар ўқиб ўрганганмиз. Мактабда инглиз тили бўйича турли танловларда қатнашганман.

Бир куни синф раҳбаримиз қизиқувчиларни туман марказида президент мактаби учун ўтказилган синовга олиб борди. Олдинроқ онам президент мактаби имтиҳонида тушадиган саволлар бор китоб ҳам олиб берган эди. Шунинг учун ўша кунги имтиҳонда натижам яхши бўлди, сўнг қизиқиб қолиб мактабга ҳужжат топширдим.

Биринчи турдан ўтганимдан сўнг онам “Иккинчи турга бормай қўяқолгин, ўтиб кетсанг ҳам барибир сени у мактабда ўқитолмайман”, деди. Лекин қизиқишим юқори бўлгани учун барибир имтиҳонга бордим. Ҳали жавоблар чиқмай туриб қариндошларимиз “Имтиҳондан ўтдингми?” деб сўрайверишганда “Ҳа, ўтдим”, деб юбордим. Кейин аниқ жавоблар чиққач билсам, ростанам имтиҳондан ўтган эканман.

Бошида президент мактабида ўқий бошлагач, бироз қийналдим. Ҳозир дарслар тобора осонлашиб боряпти. Кўпроқ математика ва инглиз тилини яхши кўраман.

“Уйимга қайтишга ҳар доим ҳам машина бўлмайди...”