“Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти томонидан инвестициявий лойиҳалар асосида янги гидроэнергетик қувватларни барпо этиш, хусусан, замонавий талаблар асосидаги янги гидроэлектр станцияларни қуриш, модернизация лойиҳаларини амалга ошириш, шу билан бирга, истиқболли саналган микро ва кичик ГЭСларни қуришга катта урғу берилмоқда.
Бугун 8 февраль куни Ҳиндистон пойтахти Нью-Деҳли шаҳрида икки томонлама ҳамкорлик доирасида навбатдаги тадбир ўтказилди.
Тадбирда Маданий алоқалар бўйича Ҳиндистон Кенгаши президенти Доктор Винай Сахасравудхе, Миллий энергетика корпорацияси, “Tehri Hydro Power Corporation” ҳамда “North-Eastern Electric Power Corporation Limited” корпорациялари раиси ва бошқарувчи директори Шри Р.К. Вишной, “MACLEC technical project laboratory pvt. LTD” компанияси раиси Нараян Бхардвадж, Ўзбекистон Республикасининг Ҳиндистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Дилшод Ахатов ҳамда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ Бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов бошчилигидаги делегация қатнашди.

Тадбирда тарихий келишувга эришилди. Ҳиндистоннинг “MACLEC technical project laboratory pvt. LTD” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган, қуввати 50 МВт бўлган сув юзасида сузиб турувчи кинетик турбинали инновацион гидроагрегатларни Ўзбекистонга етказиш бўйича шартнома имзоланди. Ушбу ҳамкорликнинг асосий жиҳати шундаки, 1-босқичда гидроагрегатларнинг 60%и маҳаллийлаштирилади ва гидроагрегатлар Ўзбекистон шароитида синовдан ўтказилади. 2-босқичда ишлаб чиқариш 100% маҳаллийлаштирилади ва ҳиндистонлик инженер-муҳандислар республикамизда доимий ишлаши ва бизнинг маҳаллий мутахассисларимизни гидроагрегатларни ишлаб чиқаришга ўргатиш учун жалб қилинади.
Бу борада Жамият халқаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга, хорижий илғор тажрибани маҳаллийлаштиришга устувор вазифалардан бири сифатида қарамоқда.
Мазкур тадбирда “MACLEC” компанияси раиси Нараян Бхардвадж ҳамда Жамият Бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов томонидан ҳамкорликнинг истиқболларига алоҳида тўхталиб ўтилди ҳамда ўзаро миннатдорчилик тилаклари билдирилди.
Тадбир давомида томонлар ўртасида шартнома имзолаш маросими ўтказилди.
















