Пригожин «Вагнер» маҳбусларни ёллашни тўхтатганини маълум қилди
Пригожиннинг матбуот хизмати колонияларда урушга ёллаш жараёни тугагани ҳақида ёзган. Айни пайтда, «Агентство»нинг хабар беришича, агар маҳбуслар ёлланма аскар сифатида фронтга боришдан бош тортса, янги жазо муддатлари билан таҳдид қилинган.
«Вагнер» ХҲК асосчиси Евгений Пригожиннинг таъкидлашича, унинг шахсий ҳарбий компанияси энди Россия колонияларида янги аскарларни ёлламаяпти. «Вагнер» ХҲКга маҳбусларни ёллаш бутунлай тўхтатилди. Ҳозир бизда ишлаётганлар учун барча мажбуриятлар бажарилмоқда», деб хабар берди унинг матбуот хизмати 9 февраль, пайшанба куни «Кепка Пригожина» Telegram-каналида Live24 нашрининг саволига жавобан. Live24 «кўп сонли маҳбуслар»га ишора қилиб, колонияларда аскарларни ёллаш бир ойдан ортиқ вақт давомида амалга оширилмаганини ва матбуот хизматининг ўзи энди озодликдан маҳрум қилиш жойларига келмаслигини ёзди.
Айни пайтда, бир кун олдин «Агентство» мустақил нашри Россия колонияларида «Вагнер» гуруҳига қўшилишдан бош тортган маҳбусларга янги муддатлар билан таҳдид қилинаётгани ҳақида хабар берди. «Маҳкумларга, агар улар фронтга боришга рози бўлмаса, янги жиноий ишлар билан таҳдид қилина бошлади. Тергов изоляторидаги маҳбусларга эса, агар улар Украинага борса, жиноий жавобгарликдан озод этилиши ваъда қилинган», - дейилади «Агентство. Новости» Telegram-каналида икки адвокат ва ҳуқуқ ҳимоячисига таянган ҳолда.
Адвокат Яна Гелмелнинг сўзларига кўра, Самара ва Ростов вилоятлари, Краснодар ўлкаси ва Шимолий Кавказ минтақаларидаги колонияларда хавфсизлик кучлари маҳкумларни фронтга кетишга мажбур қилмоқда. «Ички ишлар вазирлиги ёки «ФСБ» тезкор ходимлари келиб, 10-20 йил олдинги эски ишларни кўтаришга ваъда берган, улар бўйича даъво муддати аллақачон ўтиб кетган, улар урушга боришдан бош тортганларга нисбатан иш қўзғатамиз, деб қўрқитган», деди маҳбуслар манфаатларини ҳимоя қилувчи Гелмел агентликка. Унинг сўзларига кўра, ҳозир, ўтган ёз ва куздан фарқли ўлароқ, Украинада ўлдирилган ва яраланган ёлланма аскарлар тўғрисидаги маълумотлар колонияларга етиб боради, шунинг учун камроқ маҳбуслар «Вагнер» ХҲКга қўшилишга рози бўляпти.
Ўз навбатида, Пермдан бўлган ҳуқуқ фаоли Оксана Асауленко журналистларга Перм ўлкасидаги колониялардаги бундай босимлар ҳақида гапириб берди. Яна Гелмел ва «Агентства»нинг исмини ошкор қилмасликни сўраган бошқа суҳбатдоши, асосий ёллаш Украина чегарасига яқин ҳудудлардаги колонияларда амалга оширилаётганини, улардан автомобиль орқали тезда фронтга етиб бориш мумкин эканини таъкидлади.
«ВЧК-ОГПУ»нинг Telegram-канали маҳбусларнинг «Вагнер» ХҲКга ёлланмоқчи эмаслиги ҳақида шундай ёзади: «Маҳбуслар энди ХҲКга қўшилишни хоҳламаяпти, чунки тахминан 10 фоизи тирик қолди». Январь ойида каналнинг аноним суҳбатдоши: «Зоналарда янги рейдлар бошланди, аммо бу худди қошиқ билан бўш тованинг тагини сидириб ташлашга ўхшайди. Имконияти бўлганларнинг ҳаммаси аввалроқ ёлланган», деб айтди. Унинг сўзларига кўра, янги аскарлар билан боғлиқ катта муаммолар «Соледар ва Украинанинг бошқа аҳоли пунктларидаги жангларда жиддий йўқотишлардан кейин» бошланган.
Аввалроқ «Медиазона» 2022 йил охирида «Вагнер» ХҲКга ёллаш бошланган колониялардаги иккинчи босқич ҳақида хабар берган эди. Ёлланма аскарларнинг биринчи тўлқини аллақачон ҳалок бўлган ва ҳозирда юқори хавф ҳақидаги маълумотларнинг тарқалиши туфайли кўнгиллилар сезиларли даражада камайган, деб ёзади нашр.
Унинг маълумотларига кўра, 2022 йил ёзи ва кузи охирларида колонияларга шахсан келиб, у ердаги маҳбусларни ёллаган Евгений Пригожин энди озодликдан маҳрум қилиш жойларига бормай, қўл остидагиларини у ерга жўнатяпти.
Мавзуга оид
22:12 / 25.09.2024
FT: Евгений Пригожин пулларни яширин равишда ғарб банклари орқали ўтказган
20:33 / 18.09.2024
Арманистонда давлат тўнтаришига уринишнинг олди олинди
13:16 / 11.09.2024
“Жангда ортга чекинган шерикларимизни отиб ташлаш топшириғи берилганди” – яна бир ўзбекистонлик вагнерчига ҳукм ўқилди
14:37 / 05.08.2024