Спорт | 10:52 / 13.02.2023
25537
4 дақиқада ўқилади

Томас Бах ҳукуматларни ХОҚ қарорларига аралашмасликка чақирди

Давлатлар қайси спортчилар иштирок этишини ҳал қила олмайди, чунки бу халқаро спорт мусобақаларининг ҳозирги кўринишидаги якуни бўлади, деди ХОҚ раҳбари.

Фото: reddit

Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) раҳбари Томас Бахнинг сўзларига кўра, ҳукуматлар қайси спортчилар қайси мусобақаларда қатнашишини ҳал қила олмайди. Бу халқаро спорт мусобақалари, жаҳон чемпионатлари ва Олимпия ўйинларининг ҳозирги кўринишида ўтказилишига чек қўяди, деди у 12 февраль, якшанба куни Куршевелда тоғ чанғиси бўйича жаҳон чемпионатида.

Россия ва Беларус спортчиларининг халқаро мусобақаларда иштирок этиши тўғрисидаги қарор ҳукуматларнинг позицияларига боғлиқ бўлмаслиги керак, дея таъкидлади у ҳамда шу тариқа Россия ва Беларус спортчиларининг Олимпия ўйинлари мусобақаларида иштирок этишига қарши чиққан 30 дан ортиқ давлат вазирларининг чақириғига жавоб қайтарди. 

«Тарих тинчлик учун ким кўпроқ ҳаракат қилишини кўрсатади - чегараларни очиқ сақлашга ва мулоқот қилишга уринаётганларми ёки изоляция ва бўлинишни хоҳлайдиганлар», дея қўшимча қилди у ва яна бир бор ХОҚ бажариши керак бўлган «тинчлик миссияси»га ишора қилди. Шу билан бирга, Бах ўз ташкилоти украиналик спортчиларнинг «қайғу ва инсоний изтироблари»га шерик эканини ва уларга ёрдам бериш учун катта саъй-ҳаракатларни амалга ошираётганини таъкидлади. Уларнинг «ҳар қандай изоҳи» жуда жиддий қабул қилинади», деди у.

Январь ойи охирида, Украинада давом этаётган урушга қарамай, ХОҚ бундай истиқбол масаласини кўтарганида, россияликлар ва беларусларнинг халқаро мусобақаларга қайтиши мумкинлиги ҳақида янги мунозара бошланди. ХОҚ томонидан айтиб ўтилган шартлардан бири спортчининг ўз давлати сиёсатини сўзсиз рад этиши эди. Бу ҳолатда улар нейтрал байроқ остида Париждаги Олимпиадага киритилиши мумкин, деди Томас Бах. Украина ХОҚнинг бу ташаббусига кескин муносабат билдирди ва бу ҳолатда Париждаги Олимпиада ўйинларига бойкот қилинишини истисно қилмаслигини айтди.

10 февраль куни Европа, Шимолий Америка, Шарқий Осиё ва Океанияни ифодаловчи 35 давлатдан иборат гуруҳ виртуал саммит ўтказди ва унда улар Халқаро олимпия қўмитасининг (ХОҚ) Россия ва Беларус спортчиларининг 2024 йил Париждаги Ёзги Олимпия ўйинларида нейтрал байроқ остида, муайян талабларга риоя қилган ҳолда қатнашиши мумкинлиги ҳақидаги концепциясини рад этишди. Яқин кунларда қўшма декларация ишлаб чиқилиши ва эълон қилиниши керак. Учрашувни мувофиқлаштирган Буюк Британия маданият вазири Люси Фрейзер ўз мамлакатининг позициясини Twitter'да ёзди: «Путин ўз ваҳший урушини давом эттирар экан, Россия ва Беларус Олимпиада ўйинларида иштирок этмаслиги керак».

Полша спорт вазири Камил Бортничук муроса тарафдори бўлиб, «қочоқлар жамоасини яратиш»ни таклиф қилди. «Нейтрал жамоа эмас, балки қочқинлар жамоаси, унга мос равишда Путин ва Лукашенко режимига нисбатан диссидент бўлган руслар ва беларуслар кириши мумкин», - деди полшалик сиёсатчи. Германия Ички ишлар вазирлиги «Россия ва Беларус спортига халқаро мусобақаларда иштирок этишга қайтишни таклиф қилиш учун асос йўқлигини» айтди. Россия спорт вазири Олег Матицин ушбу муҳокамага муносабат билдирар экан, «спортчиларнинг халқаро мусобақаларда иштирок этиши учун шарт-шароитларни белгилашга уриниш» ҳақида эълон қилди ва бундай амалиётни «мутлақо номақбул» деб атади.

Мавзуга оид