Бир неча кун аввал Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти мутахассислари жаҳон ва Ўзбекистонда ўғит истеъмоли даражаси бўйича таҳлил хулосаларини эълон қилди. Бу тадқиқотда ҳам Ўзбекистон умумжаҳон миқёсида кўп ўғит ишлатаётгани яна бир бор ўз тасдиғини топган.

Ҳисоботда айтилишича, ҳозир Ўзбекистонда гектарига ўғит сарфи деярли 255 килограммни ташкил этади, бу эса умумжаҳон ўртача кўрсаткичларидан 74 фоиз юқори, Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги ўртача кўрсаткичлардан 2,9 баробар кўп.

Эълон қилинган таҳлил ва хулосалар жамоатчилик, хусусан, тармоқ фойдаланувчилари орасида муҳокама ва айни пайтда хавотирларга сабаб бўларкан, Kun.uz мухбири бу мавзуни соҳа мутахассислари иштирокида муҳокама қилди.

Суҳбатдошларимиз – қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, доцент Мурод Каримов, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, доцент Гулмира Мирҳайдарова, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Ризқивой Гулмуродов ва “Ўзкимёсаноат” АЖ бўлим бошлиғи Ғайрат Абдуллаев бўлди.

Мурод ака, институт хулосасини ўқидингизми? Унда айтилган хулосаларга қўшиласизми? Ҳа бўлса, нега бизда бунчалик кўп ўғит ишлатилмоқда-ю, йўқ бўлса, сизда бу таҳлилларни инкор қиладиган қандай маълумотлар бор? Кўп ўғит ишлатиш нимаси билан хавфли?

Мурод Каримов:

— Ҳисоботни ўқидим. Унда гектарига 256 кг деб айтилган. Бу дунё кўрсаткичидан бир неча баробар кўп дегани. 1960 йиллар тажрибасига кўра, экинларга ўғитнинг кўп берилиши ҳосилдорлик тушиб кетишига ҳам сабаб бўлади. Қанча ўғит солсанг, шунча ҳосилдорлик юқори бўлади, деган тушунча нотўғри.

Фермерлар кўп ўғит ишлатяпти, дейиш ҳам нотўғри бўлади, чунки ўғит қиммат ўзи. Бу ерда ўғитларни ишлатиш маданияти пастлиги масаласи бор: қачон берилиши, қандай берилиши, қаерга берилиши кабиларни билмаслик. Экин экилгандан то етилгунча ўз меъёрида ўғит солиб бориш керак. Масалан, ўғитларни қўллашдаги энг юқори давр экинларнинг гуллаш даври бўлади. Демоқчиманки, деҳқоннинг ўғит қўллаш малакаси сустроқ бўлиши мумкин.