10 февралда қабул қилинган президент фармони билан, 2023 йил 1 майдан бошлаб тўлов хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар жисмоний шахслар ўртасида пул ўтказмалари амалга оширилганда, уларга кўрсатилган хизматлар учун электрон ҳисобварақ-фактуралар тақдим этиш ва расмийлаштириши мажбурий бўляпти.
Бу тартиб пул ўтказиш учун комиссия “0” сўм бўлган тақдирда ҳам мажбурий қўлланади.
Бу шуни англатадики, электрон тўлов тизимлари орқали пул ўтказмалари амалга оширилганда, ҳар бир операция учун ҳисобварақ-фактура расмийлаштириш керак. Бу тартиб P2P (“person to person” – шахсдан шахсга) амалиётлари учун қўлланади. Яъни сиз Click, Payme, Apelsin каби тўлов тизимлари ёки мобил банк хизматлари орқали бошқа одамга пул ўтказиб берганингизда шундай ҳисобварақ-фактура шакллантирилади.
Реакция
Янгилик эълон қилиниши билан у жамоатчилик фаоллари, банк-молия ва солиқ соҳасидаги мутахассислар томонидан жиддий танқид қилинди. Чунки агар у амалиётга жорий қилинса, картадан картага пул ўтказишда йўқ жойдан ортиқча харажат пайдо бўлади.
Чунки ҳар бир электрон ҳисобварақ фактурани шакллантириш нархи 270 сўмдан бошланади. Турган гапки, тўлов тизимлари ва банклар бу харажатни истеъмолчилар зиммасига юклайди. Натижада картадан картага фоизсиз пул ўтказиш имконияти камайиши мумкин.
Ҳисобварақ-фактураларни тадбиркорлик субъектлари, яъни электрон ҳужжат алмашиш операторлари тузиб беради. Ўзбекистонда ҳозирда бундай операторлар сони 24 та. Улардан энг машҳурлари – Didox, E-faktura ва Давлат солиқ қўмитасининг “Soliq servis” платформаларидир.
Иқтисодчи Шуҳрат Қурбоновнинг ёзишича, бу банклар ва тўлов ташкилотларининг картадан картага ўтказмалар бўйича харажатларини ошириши мумкин.
Молиячи Отабек Бакировнинг фикрича, бу банд тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратмайди, қайтага қийинлаштиради ва қимматлаштиради.
“Битта фактура энг арзонида 300 сўм ва йил давомида миллиардлаб транзакциялар ўтиши инобатга олинса, бу бир неча юз миллиард сўм қўшимча харажат дегани. Табиийки, бу харажат якунда иқтисодиёт ва истеъмолчиларга юкланади”, дейди у.






