Маълум бўлишича, самарқандлик блогер Жамшид Исматов ижтимоий тармоқда пастдарғомлик аёл Навбаҳор Улуғмуродованинг молхонада яшаб келаётгани тасвирланган видео тарқатган. Кейинчалик тасвирга олиш жараёнида яна икки нафар блогер ҳам иштирок этгани аниқланади.
Видеоматериалда аёлнинг турмуш ўртоғи вафот этгани, яшашга бошпанаси йўқлиги сабаб бугунги кунда укасига тегишли молхонада яшаётганлиги ҳикоя қилинган.
Бироқ Паст Дарғом тумани ҳокимлиги видеодаги иддаоларни рад этиб, мурожаатчи аёл муаммосини ўрганган блогерларни спектакль тайёрлашда айблаганди. Вилоят ИИБ эса уларга нисбатан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказган.
Жиноят ишлари бўйича Паст Дарғом туман судининг (судья: А.Ҳайдаров) қарори билан блогерлар – 1987 йилда Сурхондарё вилояти Бойсун туманида туғилган Насим Холов, 1985 йилда Паст Дарғом туманида туғилган Жамшид Исматов, 1980 йилда Тошкент шаҳрида туғилган Сирожиддин Одилов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддаси (Туҳмат), 45-моддаси (Фуқароларнинг турар жойи дахлсизлигини бузиш), 202-2-моддасининг 1-қисми (Ер участкасини ноқонуний олиб қўйиш) билан айбдор деб топилиб, ушбу кодекснинг 34-моддаси тартибида ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари, яъни 13 млн 500 минг сўм жарима жазоси тайинланган.
Самарқанд вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2022 йил 30 августдаги қарори билан биринчи инстанция судининг қарори ўзгаришсиз қолдирилган.







