Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги 14 феврал куни республикадаги барча ОТМ ректорлари ва филиал директорларига «шошилинч» ёрлиғи билан топшириқ жўнатган.
Унда ОТМ раҳбариятларига барча талабаларни ўрганиб, улар орасидан шартли 3 гуруҳ: жиноятчиликка мойил, ёт ғоялар таъсирига тушиш арафасидаги ва тартиб-қоидаларга риоя этмайдиган талабалар рўйхатини шаклантириш ва ажратиб олинган талабаларга вазирлик, ОТМларнинг раҳбар-ходимларини бириктириш, уларнинг ота-оналари билан индивидуал суҳбатлар ташкил этиб бориш топшириғи берилган.
Хатда олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов ўтказган мажлисда ОТМларга берилган топшириқлар ижроси бўйича сифатли маълумотларни 3 кунда [email protected] электрон манзилига (асословчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда word ва pdf шаклда) биринчи раҳбар имзоси билан тасдиқлаган ҳолда юбориш сўралган.
Талаба қайси мезонлар асосида жиноятчиликка мойил деб топилиши ҳақида эса хатда ҳеч қандай изоҳ йўқ.


Мавзуга биринчилардан бўлиб эътибор қаратган таълим бўйича эксперт Комил Жалилов талабанинг «жиноятчиликка мойил»лиги, «ёт ғоялар таъсирига тушиш арафасида» эканлиги қайси мезонлар асосида белгиланиши, «ёт ғоялар» деганда қандай ғоялар назарда тутилаётгани, қайси тартиб-қоидаларга риоя этмайдиган талабалар рўйхати сўралаётгани борасида саволлар қўйган.
Жалилов, шунингдек, вазирликнинг бундай ташаббуси Конституция нормаларига мос эмаслигини ҳам қўшимча қилиб, Адлия вазирлигидан ҳолатга муносабат билдиришини сўраган.
«Ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ... ҳуқуқига эга. «Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга». «Жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди. «Давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди». Булар – Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Конституцияси моддалари.
















