Норвегия махсус хизмати 23 январ куни эълон қилган йиллик ҳисоботда айтилишича, ядровий кучларнинг асосий қисми Шимолий флотнинг сувости кемалари ва кемаларига жойлаштирилган. «Одатий мудофаа салоҳияти заифлашиши фонида Россия учун ядро қуролининг аҳамияти сезиларли даражада ошди», деб ёзган ҳисобот муаллифлари.
«Тактик ядровий қуроллар НАТО давлатлари иштирок этиши мумкин бўлган бир қанча оператив сценарийларда айниқса жиддий хавф туғдиради», деган Норвегия разведкаси.
Норвегиянинг The Barents Observer портали ҳисоботга изоҳ берар экан, бу тахминни «сенсацион янгилик» деб атади.
«Совет даврида Шимолий денгиздан чиққан кемалар тактик ядро қуроллари билан денгизда юрарди, бироқ унча кучли бўлмаган ядро қуролларининг денгизга чиқиши совуқ уруш даври тугаганидан бери кузатилмаганди», дейди нашр.

Норвегия разведка хизмати раҳбари ўринбосари Ларс Нордрам Россия яқин йилларда янада «авторитар ва ҳарбийлашгани» бўлишини таъкидлади.
У пропаганда ва жамоатчилик фикрини манипуляция қилиш яқин йилларда янада кучайиши ва Москва бутун дунёдаги авторитар режимлар билан яқинроқ алоқалар ўрнатишга интилишини тахмин қилган.
Нордрам Украинадаги урушни «Россия учун фалокат» деб атаган. Унинг ҳисоб-китобларига кўра, Россиянинг 100 мингдан ортиқ аскари ҳалок бўлган ёки яраланган.
Россия мудофаа вазирлиги Норвегия разведка хизматининг ҳисоботига ҳозирча изоҳ бермади.
Олти кема бирданига
Тактик ядро қуроли (ТЙҚ) — бу жанг майдонида ёки фронт ортидаги катта нишонларни ёки душман қўшинларининг концентрациясини йўқ қилиш учун мўлжалланган кичик ядро қуролидир.
Денгиз флотида уларни артиллерия қуроллари, кема қанотли ракеталари, қирғоқ ва палуба авиацияси, шунингдек сувости қуроллари – торпеда, чуқурлик бомбаси, денгиз миналарига жойлаштириш мумкин.
Совуқ уруш даврида кўпчилик, ҳатто кичик кемалар ҳам бортида ядровий арсенал олиб юрган, масалан, фрегат (патрул) синфидаги кемалар.
Тактик ядро қуролининг потенциал кучини 1957 йил 10 октябрда СССР томонидан ўтказилган ядровий торпеда синови кўрсатади. Ўшанда 10 км масофада жойлашган битта сувости кемаси зарбаси билан бир вақтнинг ўзида олтита ўқув нишони – тўртта сувусти ва иккита сувости кемаси йўқ қилинган. Шундай синовлар АҚШда ҳам ўтказилган.



















