Жаҳон | 09:14 / 27.02.2023
14100
2 дақиқада ўқилади

Зеленский: «Қримни қайтариш орқали тинчликни тиклаймиз»

Қримнинг Украинага қайтарилиши тинчликни тиклаш имконини беради. Бундай фикрни Украина президенти Володимир Зеленский Twitter'да билдирди. 

Фото: president.gov.ua

«Тўққиз йил аввал Қримда Россия тажовузи бошланди. Қримни қайтариш орқали биз тинчликни тиклаймиз. Бу бизнинг еримиз. Бизнинг халқимиз. Бизнинг тарих. Биз Украинанинг ҳар бир бурчагига Украина байроғини қайтарамиз», деб ёзди у инглиз тилида. 

Володимир Зеленский қрим татарлари тилида қуйидаги сўзларни қўшимча қилган: «Qırım serbest olacaq! («Қрим озод бўлади!»).

26 февраль куни Украинада Қримнинг Россия томонидан босиб олинишига қаршилик куни нишонланади.

Аввалроқ Украина президенти Володимир Зеленский Россия Украина ҳудудида ҳарбий ҳаракатлар бошлаганининг бир йиллиги муносабати билан Twitter’да пост қолдирганди.

«24 февраль куни миллионлаб одамларимиз танлов қилди. Оқ байроқ эмас, кўк-сариқ байроқ танланди. Қочиш эмас, қарама-қаршилик танланди. Қаршилик ва кураш танланди», - деб ёзди Володимир Зеленский.

«Бу - оғриқ, қайғу, эътиқод ва бирдамлик йили бўлди. Бу йил биз енгилмас бўлиб қолдик», - деди Зеленский Россия Федерациясига қарши уруш бошланганидан бери ўтган 12 ойни сарҳисоб қилиб. 

«Биз биламизки, 2023 йил бизнинг ғалабамиз йили бўлади!» - дея Украина раҳбари ишонч билдирди.

Мавзуга оид