Ўтган бир неча йил давомида «уй-жойни бузиш» ва «снос» атамалари айрим ватандошларимиз учун «адолатсизлик» сўзининг синонимига айланганди. Конституцияга киритилаётган янги норма билан ушбу муаммога нисбатан мулкдорлар манфаатини ҳимоя қилувчи оқилона ечим таклиф қилинмоқда. Шунингдек, аҳоли учун уй-жой қурилишини рағбатлантириш, айниқса эҳтиёжманд тоифаларини уй-жой билан таъминлаш Конституциявий даражада мустаҳкамланмоқда, дейди эксперт.

Конституцияга киритилаётган ўзгартиришлар асносида ҳар ким уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эга экани мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

Хусусан таклиф этилаётган моддада ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга номувофиқ ҳолда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, мулкдорга уй-жойнинг ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши белгиланмоқда.

Судьялар олий мактаби доценти, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори Дилмурод Ортиқовнинг айтишича, Конституцияга киритилаётган мазкур тартиблар мулкдор ҳар қандай ҳолатда ҳам асоссиз равишда уй-жойидан маҳрум этилмаслигини кафолатлайди.

«Ўтган бир неча йил давомида «уй-жойни бузиш», «снос» деган гапни эшитмаган ватандошимиз қолмаган бўлса керак. Айрим ватандошларимиз учун бу сўзлар «адолатсизлик» сўзи синонимига айланган. Сир эмас, сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқароларга тегишли уй-жойларнинг жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши билан боғлиқ турли салбий ҳолатларнинг қайд этилиши бу борадаги қонунчиликни такомиллаштиришни тақозо этди».

Олимнинг таъкидлашича, киритилаётган норманинг қуйидаги учта муҳим жиҳати мавжуд:

Биринчидан, уй-жойли бўлиш ҳуқуқини суд орқали кафолатлаш. Бу уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқи суд қарорисиз маҳрум этилишига йўл қўйилмаслигини англатади. Бу кафолат уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқи мулкдорнинг эрки-хоҳишидан қатъий назар, мажбурий тарзда бекор бўлаётганда қўлланиши назарда тутилган. Бунда суд томонидан мулк ҳуқуқининг бекор бўлишига сабаб бўлувчи ҳолатлар амалдаги қонун ҳужжатлари асосида объектив тарзда кўриб чиқилади. Мазкур тартиб мулкдор ҳар қандай ҳолатда ҳам асоссиз равишда уй-жойидан маҳрум этилмаслигини кафолатлайди.

Иккинчидан, уй-жой учун компенсация олиш кафолати. Мазкур кафолат мулкдор иқтисодий манфаатлари ҳимоясига йўналтирилганлиги билан эътиборга молик. Мазкур норма қонунда белгиланган ҳолларда ва тартибда уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорнинг шу уй-жой ва етказилган зарар учун тенг қийматда компенсация олишини кафолатлайди. Тенг қийматда компенсация олиш нима дегани? Фуқаролик кодекси 206-моддасига мувофиқ, мулкдорга олиб қўйилган мол-мулкка тенг қимматли мол-мулк мулк ҳуқуқи асосида берилиши ва унинг кўрган бошқа зарарлари тўланиши ёки мулк ҳуқуқи бекор қилиниши билан етказилган зарар тўла ҳажмда қопланиши белгиланган.