27 феврал куни кечқурун Белгородга учта, Брянск областининг Сураж районига битта дрон қулаб тушган ёки уриб туширилган. Тунда дрон зарбаси натижасида Туапседаги нефт базасида портлаш содир бўлган. Адигейда ҳам битта дрон ерга қулаган.

28 феврал куни эрталаб эса Москва областининг Коломна районидаги газ компрессор станцияси яқинига яна бир дрон қулагани ҳақида маълумот пайдо бўлди.

«Ленинград областининг ҳаво ҳудуди номаълум учувчи жисм туфайли бир муддат ёпиб қўйилди», деб ёзади «Фонтанка» нашри ўз манбаларига таяниб.

Турли манбаларнинг хабар беришича, ҳарбийлар «Ҳаво ҳаракатини бошқаришнинг ягона тизими»га Россия ҳаво давлат чегарасини кесиб ўтишга уринишни билдирувчи «Ковер» (Гилам) сигналини узатган. Бундай сигнал узатилгандан сўнг, одатда барча фуқаролик самолётларига ҳудудни дарҳол тарк этиш ёки қўниш буюрилади.

Кейинроқ Россия мудофаа вазирлиги «фуқаролик ҳаво ҳаракатини бошқариш органлари билан ўзаро ҳамкорлик бўйича» тренинг ўтказаётганини, қирувчи самолётлар ҳавога кўтарилганини маълум қилди.

Ҳавода қандайдир объект бўлгани ёки йўқлиги ҳақида ҳеч маълумот йўқ.

Киев бу воқеаларга ҳеч қандай изоҳ бермади. Бироқ Украинада бир йилдан ортиқроқ вақтдан бери кенг кўламли уруш давом этаётгани, бу даврда Россияга қарши дронлардан аллақачон фойдаланилганини инобатга олган ҳолда, бу зарбалар ортида Украина қуролли кучлари турибди дейиш учун барча асослар бор.

Бундан ташқари, декабр ойи бошида Саратов ва Рязан областларидаги бир неча аэродромга дронлар томонидан зарбалар берилганди. Россия мудофаа вазирлиги бу ҳужумларда Украинани айблади. Улар украиналиклар эски совет разведка дронини зарба берувчи дронга айлантиргани ва зарба беришда айнан шу дрондан фойдаланганини маълум қилди.

Украина захираларида бундай узоқ нишонларга қадар учиб бора олувчи ягона дрон мавжуд — бу Ту-141 дронидир.

Ҳозирча қурбонлар ҳақида ҳеч қандай хабар берилмаяпти. Туапседаги портлаш натижасида бир неча бино вайрон бўлган. Бундан ташқари, Белгороддаги кўп қаватли уйлар ҳам шикастланган. Барча дронларда портловчи моддалар бўлган жанговар каллак бўлгани ва бу портловчи қурилмалар ишга тушгани ёки йўқлиги ҳам номаълум.

Белгород области тез-тез зарбаларга дучор бўлади. Суратда – 2022 йил 4 ноябрида Шебекино бозори ўққа тутилиши оқибатлари.