Дунёвийлик, ёки секуляризм – бу сиёсий ҳокимият ва маъмурий бошқарувни ташкил қилишдаги тамойил бўлиб, унинг тарихий илдизлари толерантлик-бағрикенгликка бориб тақалади. Ижтимоий тинчликни таъминлаш мақсадида, ҳуқуқий-демократик давлатлар иккита асосий вазифани бир вақтда таъминлаш масъулиятини олишади: ҳар бир шахсга виждон ва дин эркинлигини кафолатлаш ва айни пайтда, ҳамманинг тенглигини таъминлашдир.

Бу вазифаларни амалга ошириш учун, икки муҳим шарт олдинга сурилади. Биринчиси, сиёсий ҳокимиятнинг ва бошқарув маъмуриятининг барча буғинларини диний позиция ва диний институтларга нисбатан нейтраллигини ва улардан ажратилганлиги ҳисобланади.

Нейтраллик деганда, давлатнинг ҳар қандай виждоний қарашга, ҳоҳ у диний бўлсин ёки бўлмасин, на ён босмаслигини, на унга қарши фаолият олиб бормаслигини назарда тутади. Яъни давлат барча виждоний қарашлар ва динлардан масофада туради, улардан баъзиларини позициясини давлат позицияси қилиб олмайди, ва ёки, уларни баъзиларига қарши фаолият олиб бормайди.

Динлардан ажратилганлиги деганда, давлат ўзининг легитимлигини жамиятдаги бирон бир фалсафий қараш, диний позиция билан боғламайди. Яъни жамиятда диний масалада турфахиллик бўлар экан, давлат на диний кўпчиликнинг ва на камчиликнинг тарафида бўлади, ўзининг легитимлигини кўпчилик ёки камчилик билан боғламайди, ҳаммага бирдек ҳуқуқий позициядан туриб муносабат-муомала қилади.

Ҳар бир жамиятнинг ўтмишидан келиб чиқиб, у ёки бу қадриятни маълум траекторияда талқин қилиш мойилликлари бўлади. Ўзбекистон дунё тарихида энг катта атеистик давлат ҳисобланмиш собиқ СССР таркибида бўлиб келган. Атеизм – мафкуравий ва ташкилий жиҳатдан ўта тажовузкор мафкура сифатида, мустақил Ўзбекистон жамияти зеҳниятида ўз асоратларини сақлаб қолмоқда.

Бу асорат, биринчи ўринда демократик-ҳуқуқий давлатлар амалиётида кенг илдиз отган “секуляризм” қадриятини талқин қилишда сезилади. Ўзбекистонда, мутлақ аксарият ҳолларда “дунёвийлик” давлатга/ҳокимиятга/ҳукуматга эмас, жамиятга талаб сифатида талқин қилинади. Дунёда “виждон ва дин эркинликлари”, “ҳуқуқий давлатчилик ва секуляризм” борасида жуда чуқур ўйланган ва мантиқан асосланган тамойиллар шаклланган.

Бу тамойилларда деярли универсал мантиқни кузатиш мумкин. Юқорида айтилгани каби, бу мантиқнинг замирида, бир томондан шахс ва жамиятнинг имкон қадар эркин бўлиши, ва бу эркинлик чегаралари фақатгина бошқа шахс эркинликлари сарҳадида тугаши назарда тутилади.

Иккинчи томондан, шахсларнинг тенглигини таъминлаш назарда тутилади. Бошқача қилиб айтганда, “секуляризм”, “дунёвийлик” тамойилининг биринчи ва марказий талаби – маъмуриятга, ҳокимиятга, ҳукуматга қаратилган бўлиб, давлатнинг динларга ва фалсафий қарашларга нисбатан нейтрал бўлиши назарда тутилади.