Жаҳон | 12:02 / 05.03.2023
37410
17 дақиқада ўқилади

Ўзбек автосаноати «отаси»: Daewoo компаниясининг банкрот бўлишига нима сабаб бўлганди?

Бундан 25 йил аввал Daewoo Group компанияси Жанубий Кореяда автомобилсозлик бўйича Hyundai’дан сўнг 2-ўринда, йириклиги бўйича LG ва Samsung’дан сўнг 3-ўринда бўлган. Бироқ 1998 йилда Осиёда содир бўлган молиявий инқироз даврида компания оғир вазиятга тушади. Бир неча йилда унинг кўплаб бўлимлари сотиб юборилади. Компаниянинг автомобилсозлик бўлими Daewoo Motors дунёга машҳур General Motors корпорациясига сотилади.

Фото: Kun.uz

XXI аср бошидан буён кўплаб корпорация ва компаниялар турли сабаблар билан инқирозга учраган. Улардан айримлари ишлаб чиқараётган маҳсулот ўз аҳамиятини йўқотиши ортидан, бошқалари эса нотўғри молиявий сиёсат олиб борилиши оқибатида банкрот бўлган.

Бир пайтлар Жанубий Кореядаги йирик корпорациялардан бири бўлган Daewoo ҳам пулларни оқилона ишлатмаслик ортидан инқирозга учраган. Daewoo бренди билан уй-рўзғор буюмларидан тортиб барча турдаги автомобиллар, ҳатто кемалар ишлаб чиқарган ва дунё бўйлаб сотган компания номи бугун тарихда қолди.

Иккинчи жаҳон урушидан кейин Корея яриморолининг шимолий қисми советлар, жануби АҚШ таъсир доирасига тушиб қолади. Ҳар икки томон яриморолни ўз таъсир доирасига олишни хоҳларди.

Охир-оқибат 1950-1953 йилларда фуқаролар уруши содир бўлади ва яриморол иккига бўлинади. Шимолда СССР ёрдами билан Корея халқ демократик республикаси, жанубда АҚШ кўмагида Корея республикаси тузилади.

Уч йил давом этган урушдан сўнг томонлар 1945 йилдаги келишув бўйича 38-параллел чизиғи атрофидан чегара ўтказилишига рози бўлади. Шу тариқа 1945 йилгача Япония мустамлакаси бўлган Корея яриморолида иккита корейс давлати пайдо бўлади.

Яриморол иккига бўлингандан сўнг Корея Республикасига АҚШ ва бошқа Ғарб давлатларидан кўп миқдорда инвестициялар киритилади ва мазкур давлат қисқа муддатда ривожланиб кетади.

1960 йилларда Корея республикаси жуда катта иқтисодий сакрашни амалга оширади ва Сингапур, Ҳонгконг ҳамда Тайван билан бирга «Шарқий Осиё йўлбарслари» деб аталган тўртликка кирди. Daewoo компанияси ҳам ўша йилларда ташкил этилган эди.

Daewoo (Daewoo Group) компанияси тарихи

Daewoo кўп тармоқли компания бўлиб, у 1967 йилда Daewoo Industrial номи билан ташкил этилган. Илк бор қурилиш соҳасида иш бошлаган компания кейинчалик тармоқлар сонини кўпайтиради ва маиший техникалардан тортиб турли автомобилларгача ишлаб чиқара бошлайди.

Компаниянинг турли бўлимлари ташкил этилар экан, улар Daewoo Group молия-ишлаб чиқариш гуруҳига бирлаштирилади.

Ўша пайтда компания таркибида қуйидаги компаниялар бўлган:

  • Daewoo Electronics — электроника буюмлар ишлаб чиқарилган (Daewoo Electronic Components Co. Ltd, Daewoo Electric Motor Industries Ltd., Orion Electric Co. Ltd. кабилар унинг таркибида бўлган);
  • Daewoo International — йирик савдо компанияси 2010 йилдан POSCO компаниясининг таркибида;
  • Daewoo Heavy Industries (DHI) — оғир саноат тармоғи;
  • Daewoo Shipbuilding & Marine Engineering — кемасозлик корхоналари ва денгиз муҳандислиги бўлими;
  • Daewoo Securities — суғурта компанияси;
  • Daewoo Telecom — телекоммуникация тармоғи;
  • Daewoo Construction — қурилиш компанияси (кўп қаватли уйлар, савдо марказлари, кўприклар, йўллар, дамбалар қуриш билан шуғулланган);
  • Daewoo Development Company — меҳмонхоналар қуриш ва уларга эгалик қилиш тармоғи;
  • Daewoo Motor — автомобилсозлик тармоғи (компания енгил машиналардан тортиб автобуслар ва бошқа махсус транспорт турларигача ишлаб чиқарган. Daewoo Automotive Components Co. Ltd., Daewoo Bus Co., Ltd., Daewoo Commercial Vehicle Co. Ltd. компаниялари ва яна кўплаб хорижий давлатларда очилган қўшма корхоналар унинг таркибида бўлган).
  • Daewoo Motor Sales — Daewoo автомобиллари савдоси билан шуғулланган компания;
  • Daewoo Precision Industries — ҳарбий техникалар ишлаб чиқарувчи компания;
  • Daewoo Textile Co. Ltd. — тўқимачилик тармоғи;
  • IAE (Institute for Advanced Engineering) — комплекс тадқиқот ва ривожланиш маркази;
  • Daewoo Power Products — оғир ва қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқарувчи компания.

20-аср сўнгида Осиёда содир бўлган иқтисодий инқироз пайтида Daewoo Group ҳам инқирозга учрайди. Унинг раҳбарлари хорижга қочади. Компания таркибидаги бўлимлар бошқа компанияларга сотиб юборилади.

«Daewoo Motor Co»

Компания 1937 йилда «National Motor» номи билан ташкил этилади. Ўша пайтда Корея яримороли Япония томонидан босиб олинган эди. 1960-йиллар бошигача компания шу номда қолади.

1962 йилда унинг номи «Saenara Motor» деб ўзгартирилади. Ўша пайтда компания Кореяда биринчи бўлиб Datsun Bluebird PL310 номи остида автомобиллар ишлаб чиқара бошлайди.

Datsun Bluebird PL310

1965 йилда «Saenara Motor»ни Shinjin Industrial компанияси сотиб олади ва унинг номини Shinjin Motor деб ўзгартиради. Бу компания ўз автомобилларини Toyota компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқара бошлайди.

1972 йилда Toyota лойиҳани тарк этади. Шундан сўнг Shinjin Motor АҚШнинг General Motors компанияси билан ҳамкорлик қила бошлайди. Янги қўшма корхонанинг номи «GM Korea» деб аталади.

1976 йилда қўшма корхонанинг номи «Saehan Motors» деб қайта номланди. Ўша пайтда бу қўшма корхона ўзининг Rekord маркали автомобили билан бирга General Motors концернининг Chevrolet 1700 моделини Holden Torana деб қайта номлаб ишлаб чиқарарди.

1982 йилда Daewoo Group «Saehan Motors» компаниясини сотиб олади ва 1983 йил январ ойида унинг номини «Daewoo Motor Co» деб ўзгартиради. Америкаликлар билан ҳамкорлик сақланиб қолади.

«Daewoo Motor Co» компанияси «Saehan Motors»нинг барча моделларини Daewoo бренди остида ишлаб чиқаришда давом этади. Maepsy модели Maepsy-Na деб қайта номланди.

Royale номи остида ишлаб чиқарилган моделлар сақланиб қолинади. Уларнинг ёнига Royale XQ, Royale Duke (1982 март ойида чиқарилган), Royale Prince (1983 йилда чиқарилган) ва Royale Salon Super (1986 йилда чиқарилган) моделларини қўшади.

Royale Duke 1987 йил.

1989 йилда уларнинг ёнига ҳашаматли модел Daewoo Imperial қўшилади. Унинг услуби бироз аввал ишлаб чиқарилган Chrysler Imperial ва New Yorker моделларига ўхшаш эди.

Daewoo ўзининг илк моделини 1986 йилда ишлаб чиқаради. Бу Daewoo LeMans модели эди. Бу модел General Motors концерни таркибида бўлган немисларнинг Opel компанияси ишлаб чиқарган Opel Kadett E. Ее моделидан андоза олинган ҳолда ишлаб чиқарилганди.

Daewoo LeMans ташқи бозорда анча харидоргир бўлиб, у жаҳон бозорида Pontiac LeMans, Asüna GTва SE ёки Passport Optima номлари остида сотилган. Бу модел «Daewoo Motor Co»нинг энг муваффақиятли сотилган автомобилларидан бири ҳисобланади.

Daewoo LeMans

1987 йилда кейинчалик жуда оммалашган Daewoo Espero чиқарилади. 1991 йилда Daewoo Heavy Industries (DHI) томонидан лойиҳалаштирилган ихчам автомобил  Daewoo Tico чиқарила бошланади.

Компания ҳанузгача ишлаб чиқарилаётган Damas минивэни ва Labo мини-пикапини 1981 йилдан ишлаб чиқара бошлаган. Ҳар иккала моделнинг ишлаб чиқариш ҳуқуқи Япониянинг Suzuki компаниясидан сотиб олинган.

1980-йиллар охири ва 1990-йиллар бошида компания Royale Series моделидаги иккита автомобилни янада мукаммал кўринишга келтиради ва уларни Daewoo Prince ва Daewoo Super Salon номлари билан чиқара бошлайди.

Daewoo Prince

1992 йилда General Motors билан тузилган қўшма корхона ёпилади ва Daewoo Motor мустақил компанияга айланади. Ўша пайтда компания Жанубий Кореяда автомобил ишлаб чиқариш бўйича Hyundai’дан сўнг иккинчи ўринда, йириклиги бўйича LG ва Samsung компанияларидан сўнг учинчи ўринда бўлган.

Daewoo Motor Шарқий Европа ва собиқ иттифоқ республикаларида

СССР тарқаб кетганидан кейин Daewoo Motor 1992 йилдан бошлаб Шарқий Европадаги ва айрим собиқ иттифоқ республикаларига катта миқдорда инвестиция киритиб, ўз корхоналарини оча бошлайди.

1993 йилда Daewoo Motor Ўзавтосаноат билан Ўзбекистонда автомобил ишлаб чиқарувчи компания очиш бўйича келишув имзолайди.

Uz-DaewooAuto деб номланган қўшма корхона Андижон вилоятининг Асака туманида собиқ трактор тиркамалари ишлаб чиқарувчи корхона ўрнида ташкил этилади.

1996 йилда қўшма корхона конвейеридан уч турдаги Daewoo Tico, Daewoo Damas ва Daewoo Nexia машиналари чиқарила бошланади.

1994 йилда Daewoo Motor Руминиядаги Craiova компаниясини сотиб олади ва у ерда «Romanian Daewoo Motor» компанияси ташкил этилади. Кейинчалик унинг номи «Daewoo Automobile Romania» деб ўзгартирилади.

Руминиядаги заводда асосан ички бозор учун Daewoo Cielo (Daewoo Nexia Корея ва дунёнинг бошқа давлатларида шу ном остида ишлаб чиқарилган ва сотилган), кейинроқ Daewoo Matiz ва Daewoo Nubira ишлаб чиқарилган.

Daewoo Nubira

2007 йилда Daewoo Group молиявий инқироз ортидан «Daewoo Automobile Romania»ни Ford компаниясига сотади. Америкаликлар унинг номини Ford Romania деб ўзгартиришади.

1995 йилда Daewoo Motor Полшада Daewoo Motor Polska қўшма корхонасини ташкил этади ва у ерда Daewoo Matiz ишлаб чиқара бошлайди. Кейинчалик бу қўшма корхонадаги улуш ҳам арзон гаровга сотиб юборилади.

1998 йилда Daewoo Motor Чехиянинг Avia автомобилсозлик компаниясини сотиб олади. Компания у ерда Lublin фургони ва янги русумдаги Avia D60/90 кичик ўлчамдаги юк автомобилларини ишлаб чиқара бошлайди.

Кейинчалик, 2006 йилда бу компания ҳам Ҳиндистоннинг Ashok Leyland компаниясига сотилади. Ҳиндлар унинг номини Avia Ashok Leyland Motors Company (AALM) деб ўзгартиришади.

1998 йилда Daewoo Motor Россиянинг Таган-Рог шаҳрида автомобилларни йиғув корхонасини ишга туширади. Бу ерда асосан Daewoo Lanos, Daewoo Nubira ва Daewoo Leganza моделлари йиғилади. Ўша йилларда Daewoo Leganza Россияда оммабоп автомобиллардан бирига айланади.

Daewoo Leganza

Жаҳон бозоридаги муваффақиятлар

1995 йилга келиб Daewoo Motor томонидан ишлаб чиқарилган автомобиллар дунёнинг юздан ошиқ давлатларида сотилар, компаниянинг айланма маблағи ва соф фойдаси тўхтовсиз ошиб борарди.

Ўша пайтда Осиё, Африка, Марказий Америка ва Лотин Америкасидан ташқари, «Daewoo» бренди остида ишлаб чиқарилган автомобиллар ҳатто АҚШ, Канада ҳамда Европа давлатларида ҳам муваффақият билан сотилади.

Daewoo Espero

Жумладан, Daewoo Espero ва Daewoo Cielo (Daewoo Nexia бошқа номи) Британияда яхши сотилади. Ҳатто 1996 йилда Daewoo Motor Британияда 20 минг дона автомобил сотади ва янги автомобиллар савдосида биринчи ўринни эгаллайди.

1997 йилда компания Европа бозорига Daewoo Lanos, Daewoo Nubira ва Daewoo Leganza моделларини ҳам етказиб бера бошлайди.

Daewoo Lanos

1998 йилда шаҳар шароити учун чиқарилган Daewoo Matiz Европа бозорида пайдо бўлади ва тез орада шаҳар аҳолисининг севимли машинасига айланади.

Масалан, Daewoo Matiz Италияда 1998, 1999, 2000 йилларда «Йил автомобили» деб топилади. Кейинчалик Daewoo Rezzo (бошқа номи Tacuma), Daewoo Evanda (бошқа номи Magnus) ва Daewoo Kalos , SsangYong йўлтанламаслари базасида Daewoo Korando, Daewoo Musso ва Daewoo Rexton моделлари ишлаб чиқарилади.

Daewoo Kalos

Умуман олганда Daewoo Motor банкрот бўлгунча дунёнинг кўплаб мамлакатларига ўз автомобилларини етказиб берган.

Компаниянинг банкрот бўлиши

1998 йилда Осиёда молиявий инқироз бошланади. Ана шундай вазиятда Daewoo Group компанияси раҳбарлари узоқни кўра олмайди ва айланма маблағларни «бебилиска» ишлатишда давом этади.

1998 йилда Кореянинг Samsung ва LG компаниялари иқтисодий инқирозни четлаб ўтиш учун ишлаб чиқаришни қисқартираётган ва маблағ тежаётган пайтда Daewoo Group дунё бўйлаб 14 та янги қўшма корхона ва 275 та филиал очади.

Daewoo Evanda

Жумладан, 1998 йилда Украинадаги ЗАЗ заводини ва оғир молиявий аҳволга тушган Кореянинг яна бир автомобилсозлик компанияси SsangYong Motor’ни сотиб олади.

Бироқ орадан кўп ўтмай 1999 йилда Daewoo Group ҳам молиявий қийинчиликларга дуч келади ва банкрот бўлиш ёқасига келиб қолади.

Шундан сўнг компания президенти Ким Ужун Францияга қочиб кетади. У 43,5 миллиард долларни ўзлаштирганликда айбланади. Кейинчалик у Кореяга қайтади ва компаниянинг бошқа мутасаддилари билан бирга айбдор топилиб жазоланади.

Компания 2000 йилда SsangYong Motor’ни сотиб юборади, бироқ бу ҳам компанияни оғир вазиятдан чиқара олмайди. Шундан сўнг Daewoo Motor сотувга қўйилади. Унга DaimlerChrysler таркибида бўлган Hyundai, Ford Motor Company ва General Motors ҳамда Fiat компаниясидан иборат алянс харидор бўлади.

Daewoo автобуси

Охир-оқибат, 2002 йилда General Motors концерни Daewoo Motor’ни 1,2 миллиард доллар эвазига сотиб олади. Ўша пайтда келишувга кўра Daewoo Commercial Vehicle Company Daewoo Group таркибида қолади ва 2004 йилда у Ҳиндистоннинг Tata Motors автомобилсозлик компаниясига сотилади.

Шу тариқа 1990-йиллар бошида дунёнинг юздан ошиқ давлатларига автомобил сотиб юрган Жанубий Кореядаги иккинчи йирик автомобилсозлик компанияси банкрот бўлиб General Motors эгалигига ўтиб кетади.

Компания банкрот бўлгач унинг бошқарув раиси Ким Ву Чунг қочиб кетади. 2003 йилда General Motors Daewoo брендининг обрўси тушиб кетди деган хулосага келади ва унинг барча моделларини Chevrolet брендига ўтказиб юборади.

Бироқ General Motors Руминия, Полша, Ўзбекистон, Украина, Миср, Корея ва Вьетнамда Daewoo номи машҳурлигини инобатга олади, улардаги қўшма корхоналарда Daewoo бренди билан автомобиллар чиқаришда давом этади.

Daewoo юк машинаси

Жумладан, Daewoo Automobile Romania ҳамда Daewoo Motor Polska 2008 йилгача, Vietnam-Daewoo Motor ва Кореянинг ўзида жойлашган GM Daewoo 2011 йилгача, AvtoZAZ ва Daewoo Motor Egypt 2012 йилгача, GM-Uzbekistan 2015 йилгача Daewoo бренди остида автомобиллар чиқаришда давом этади.

Daewoo Motor’нинг сотилиши ҳам Daewoo Group’нинг молиявий инқироздан омон чиқиб кетиши учун етарли бўлмайди. Ўша пайтда Кореяда энг йирик иккинчи компания бўлиб турган Daewoo Group 80 миллиард доллар камомад билан банкрот бўлади ва унинг бошқа бўлимлари ҳам сотилиб кетади.

Daewoo Motor Ўзбекистонда

1993 йилда Daewoo Motor «Ўзавтосаноат» билан Ўзбекистонда енгил автомобиллар ишлаб чиқарувчи компания очиш бўйича келишув имзолайди.

Uz-DaewooAuto деб номланган қўшма корхона Андижон вилоятининг Асака туманида собиқ трактор тиркамалари ишлаб чиқарувчи корхона ўрнида ташкил этилади.

Асакадаги завод

1996 йилда қўшма корхона конвейеридан уч турдаги Daewoo Tico Daewoo Damas ва Daewoo Nexia машиналари чиқарила бошланади. Кейинчалик улар ёнига Daewoo Matiz ва Daewoo Lacetti қўшилади.

2005 йилда Uz-DaewooAuto қўшма корхонадаги корейсларнинг улушини сотиб олади АҚШнинг General Motors компанияси билан ҳамкорлик қила бошлайди.

2008 йилда Ўзавтосаноат General Motors компанияси билан янги қўшма корхона ташкил этади. Янги қўшма корхона «GM Uzbekistan» деб номланади.

Шундан сўнг GM Uzbekistan ички бозорда сотиладиган автомобилларни Chevrolet бренди остида, хорижга экспорт қилинадиган автомобилларни Daewoo бренди остида ишлаб чиқара бошлайди.

2007 йилда қўшма корхона Тошкентдаги собиқ Чкалов номидаги авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси ўрнида йиғув корхонасини ташкил этади ва у ерда Chevrolet Captiva, Chevrolet Tacuma ва Chevrolet Epica, 2012 йилдан Chevrolet Malibu автомобилларини ишлаб чиқара бошлайди.

Chevrolet Tacuma

Шунингдек, Chevrolet Nexia ва Chevrolet Lacetti автомобилларнинг янгиланган моделлари ҳамда янги Chevrolet Spark ва Chevrolet Cobalt ишлаб чиқарила бошланади.

2014 йилда Хоразм вилоятида янги корхона ташкил этилган ва у ерда асосан Chevrolet Damas ва Chevrolet Labo ишлаб чиқарилади.

Ravon R4 (Cobalt)

Орада бир муддат Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган бир нечта модел Ravon бренди остида ишлаб чиқарилди. Жумладан Chevrolet Spark автомобили Ravon R3 янгиланган Chevrolet Nexia автомобили Ravon R3, Chevrolet Cobalt эса Ravon R4 номлари билан сотувга чиқарилади.

Кейинчалик қўшма корхонанинг барча улуши Ўзбекистон томонидан сотиб олинади ва компания номи UzAutoMotors деб ўзгартирилади. Компания ҳозир ҳам шу ном остида фаолият кўрсатмоқда.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид