6-7 март кунлари Тошкентдаги Турон кутубхонасида “Жадидларнинг маърифий фаолияти: ғоялари, мақсадлари, вазифалари ва Туркистон тараққиётига қўшган ҳиссаси” мавзусида халқаро конференция ўтказилмоқда.

Конференцияда АҚШ, Туркия, Озарбойжон, Россия, Қозоғистон, Швеция ва Германия каби мамлакатларнинг нуфузли жадидшунос олимлари турли маърузалари билан иштирок этяпти.

Kun.uz мухбири Бухоро халқ шўро жумҳуриятини бошқариб сўнг қатағонга учраган Файзулла Хўжаевнинг жияни, турколог олим Темур Хўжа билан жадидчилик ҳаракатининг аҳамияти ҳақида суҳбатлашди.

— Конференция давомидаги чиқишингизда бир пайтлар ташкил этилган Бухоро халқ шўро жумҳуриятига совет сўзини қўшиб ишлатмаслик кераклиги ҳақида гапирдингиз. Мумкин бўлса, шу фикрларингизни кенгроқ тушунтириб берсангиз.

Темур Хўжа:

— 1920 йилда Бухоро амири Кобулга қочиб кетгач, жадидчилар 1 сентябрда Бухоро халқ шўролар жумҳурияти деган давлат тузди. Унинг байроғига қарасангиз, араб ҳарфлари билан «БХШЖ» (بخشج), яъни Бухоро халқ шўролар жумҳурияти деб ёзилган. Бу ерда «совет», «республика» деган сўзлар йўқ, «шўро» дегани арабчада мажлис дегани ва «совет» сўзи билан бир хил. Аммо муҳими шундаки, у сўзлар ишлатилмаган бу ерда. Бухоро давлати конституциясининг 3-моддасида шундай дейилади: «Бухоро халқ шўролар жумҳурияти ўз чегаралари ичида мустақил давлат ҳисобланади».

Бухоро халқ шўролар жумҳурияти тузилганда, уни 5 та давлат тан олди. Биринчиси Россия социалистик совет республикаси, кейин Эрон, Афғонистон, Анқара ҳукумати (Туркия тузилгани йўқ эди), Англия давлатлари бўлган. Бу беш давлатга Бухоро халқ шўролар жумҳурияти элчи юборган. Туркияга элчи борганда, Отатурк мустақиллик учун курашаётган эди. Элчилар Анқара ҳукуматига Амир Темурдан қолган 3 та қилич беради: бирини Мустафо Камол Отатуркка, иккинчисини унинг ёрдамчиси Исмат пошшога, учинчисини эса Измирни греклардан олган биринчи турк қўмондонига беринглар, дейишган. Ва у қилич Измирда Туркия байроғини ўрнатган Шерафиттин юзбошига берилган. Амир Темур даврига тегишли Қуръони Карим ҳам юборилган, у ҳозир Туркия миллий кутубхонасида сақланади. Қиличлардан бири ҳам Анқарадаги музейда турибди, «Бухоро халқ шўролар жумҳурияти совғаси» деб ёзиб қўйилган.

1923 йилда жумҳуриятни совет ҳукумати эгаллаб, Бухоро совет социалистик республикаси деб номини ўзгартиради. 1924 йил охирида эса Бухоро ва Хоразм давлати йўқ қилиниб, 1925 йилда бешта республика тузилади. Бухоро ерлари бўлган Душанбе Тожикистонга, Чоржўй Туркманистонга, Ўш Қирғизистонга, Самарқанд ва Бухоро Ўзбекистонга берилади. Бухоро давлати ўз вақтида жуда кенг бўлган ва 4 давлатга парчаланган.