«Сиёсий қатағон қурбони бўлган юртдошларимиз ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, тарғиб этиш ҳамда уларнинг хотирасини абадийлаштириш борасидаги ишларни кенгайтириш тўғрисида»ги президент қарори имзоланди.
Қарорга кўра, сиёсий қатағон қурбони бўлган юртдошларимизнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш ҳамда уларнинг хотирасини абадийлаштириш ишларини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси ташкил этилади.
Қуйидагилар Республика комиссиясининг асосий вазифалари этиб белгиланди:
- қатағон қyрбони бўлган шахсларнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, уларни номма-ном аниқлаш, тарихий хизматлари ҳақидаги маълумотларни, архив ва музейлар, кутубхоналар ва турли фондларда сақланаётган ҳужжатларни тўплаш ва тадқиқ этиш, оммалаштириш учун ишчи гуруҳлар фаолиятини ташкил этиш;
- қатағон қурбонларининг авлодлари ва яқинлари, ўша давр воқеаларига гувоҳ бўлган инсонларнинг хотираларини ёзиб олиш, оилавий архив ва кутубхоналарда сақланаётган тарихий манбаларни, ноёб суратларни тўплаш бўйича ишларни мувофиқлаштириш;
- Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи, унинг ҳудудлардаги бўлимлари ҳамда Жадидлар мероси давлат музейининг мавзуга доир маълумотлар, ашёвий далил ва ҳужжатлар, бошқа тегишли экспонатлар билан мунтазам равишда бойитиб борилишини таъминлаш;
- қатағон қилинган юртдошларимиз ҳақидаги тарихий ҳақиқатни тиклаш ва келгуси авлодларга етказиш мақсадида кўп жилдлик “Қатағон қурбонлари” китобини чоп этиш ҳамда уларнинг номларини Тошкент шаҳридаги “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуасида барпо этиладиган рамзий китоб саҳифаларига киритиш ишларини давом эттириш;
- чет элдаги турли фондлар, архив, музей, кутубхона ва бошқа илмий-маърифий муассасалар ҳамда тегишли мутахассислар билан ҳамкорлик ўрнатган ҳолда, мавзуга оид илмий экспедициялар ташкил этиш;
- ёш авлодни Ватанимиз озодлиги йўлида жонини фидо қилган буюк аждодларимиз хотирасига ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларнинг жасорати ва ибратли фаолиятини тарғиб этишга қаратилган маънавий-маърифий ишларни йўлга қўйиш.
Республика комиссиясининг ишчи органи этиб Мудофаа вазирлигининг умумий раҳбарлигида Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи, Фанлар академияси Тарих институти, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши, Қуролли Кучлар академияси, Мудофаа ва ҳарбий хавфсизлик муаммоларини ўрганиш институти, “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси, “Шон-шараф” давлат музейи масъул ходимлари ва етакчи мутахассисларидан иборат гуруҳ белгиланди.















