«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси, депутат Бобур Бекмуродов педофилларни бичиш, изоляция қилиш ва очиқ реестрини юритиш амалиётини қонунчиликка киритиш таклифини билдирганди. Ушбу масала кенг жамоатчилик муҳокамаларига сабаб бўлмоқда. Kun.uz бу борада фаоллар ва мутахассислар фикрига қулоқ тутди.
Инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов Ўзбекистонда педофилия жиноятларини алоҳида қонунчиликка киритиш вақти аллақачон келганини таъкидлайди.
«Ўзбекистоннинг қонун ҳужжатларида педофилия жиноятларига нисбатан алоҳида тўхталиш йўқ. Ҳолбуки, жаҳон миқёсида, халқаро меъёрларда бу жиноят аниқ кўрсатилган. Ҳар бир мамлакатда жиноят ўсиб бориш нуқтайи назаридан уларга нисбатан жазо чоралари белгиланади. Масалан, Қозоғистонда яқинда қабул қилинган меъёрларга кўра педофилия жиноятида айбланган шахслар жарроҳлик йўли билан бичиш орқали жазоланадиган бўлди ва бошқа қамоқ жазолари ҳам бор.
Ўзбекистонда педофилия жиноятларини таснифлаш, квалификация қилиш масаласи илгаридан оғир бўлган, қонун меъёрларида бу нарса йўқ. Яъни бизда педофилия учрамайди деган ақида бор эди ва бундай жиноятлар тури анча-мунча яшириларди. Фикримча, жиноятларни ўсиб бориш тенденцияси ёки жиноятлар содир этилиш сонига қараб белгилаш керак. Чунки педофилия жиноятларини алоҳида тарзда қонунчиликка киритиш вақти келган ва ҳатто кечга ҳам қолинди», — дейди у.

Тиббиёт фанлари доктори, профессор Зарифбой Ибодуллаевнинг фикрича педофилларни кастрация қилиш жорий этилиши нафақат жиноятчиларни жазолаш, балки профилактик аҳамиятга ҳам эга.
«Йигирма нафар одам суицид хаёлида юрган бўлса, улардан биттаси шуни амалга оширади, дейилади. Балки, Ўзбекистонда 10 киши педофиллик хаёлида юриб, вазият тополмаганидан амалга оширолмаётгандир. Демоқчиманки, ҳар қандай вазиятда профилактика катта рол ўйнайди. Агар қонун қабул қилсак, педофилия кескин камаяди, бунақа хаёлда юрганлар ҳам фикридан қайтади»,


















