Немис терговчилари «Шимолий оқим»даги диверсия учун фойдаланилган кемани аниқладилар. Бу ҳақда 7 март, сешанба куни Германиянинг ARD, SWR телекомпаниялари ва ҳафталик Die Zeit нашри хабар берди.

Die Zeit нашрининг «Излар Украинага олиб боради» сарлавҳаси остида чоп этилган хабарига кўра, яхта икки украиналикка тегишли бўлган Полша компанияси томонидан ижарага олинган. Кема 2022 йил 6 сентябр куни Шарқий Германиянинг Росток портидан диверсия ҳаракатлари содир этилган жойга кетган. Худди шу жойда, портга олдиндан автомашинада олиб келинган операция учун зарур бўлган юклар унга ортилган. Текширув давомида маълум бўлишича, эртаси куни яхта Германиянинг Вик-Дарс коммунасида, кейин эса - Дания Кристиансё ороли яқинида, Борнҳолмдан шимоли-шарқда бўлган.

Кема тозаланмаган ҳолатда эгасига қайтарилди – терговчилар яхта салонидаги стол устида портловчи моддалар изларини топди.

Нашрнинг ёзишича, диверсия гуруҳи олти кишидан иборат бўлган: капитан, икки ғаввос, иккита ёрдамчи ва шифокор. Қайиқни ижарага олиш ва Европа бўйлаб ҳаракатланиш учун сохта паспортлардан фойдаланилган. Диверсияга ким буюртма бергани ҳозирча номаълум.

Немис журналистлари ҳозирча Украина ҳукуматидан изоҳ ололмадилар. Германия Бош прокурори ҳам изоҳ беришдан бош тортди. Германия ҳукумати вакили фақатгина Германия Федерал прокуратураси, шунингдек, Швеция ва Дания расмийлари терговни давом эттираётганини таъкидлади: «бир неча кун олдин Швеция, Дания ва Германия Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашига тергов давом этаётгани ва ҳозирча натижа йўқлиги ҳақида хабар берган».