11:58 / 09.03.2023
9979

Запорижжя АЭСда ракета зарбалари туфайли электр энергияси тўлиқ ўчирилди

Россиянинг тунги ракета зарбалари туфайли Запорижжя атом электр станцияси (ЗАЭС) тўлиқ қувватсизланди, деб хабар бермоқда «Энергоатом» корхонаси Telegram-канали. 

Фото: Picture Alliance

Компания баёнотига кўра, босиб олинган Запорижжя АЭС ва Украина энергетика тизими ўртасидаги сўнгги алоқа линияси узилган. 

«Энди станция қувватсизланди ва ишғол пайтида олтинчи марта блэкаут режимига ўтди», — дейилади хабар матнида. 

«Энергоатом» шунингдек, 5 ва 6-энергоблоклар совуқ ҳолатга ўтказилаётгани ҳақида хабар берди.

Аввалроқ Германия Радиациядан ҳимоя қилиш федерал идораси (BfS) Украинада ядровий авария хавфи давом этаётгани ҳақида огоҳлантирганди. BfS раҳбари Инге Паулини 18 февраль куни dpa билан суҳбатда, жиддий оқибатларга олиб келадиган ядровий ҳалокат хавфи уруш давом этар экан, сақланиб қолиши ҳақида айтиб ўтди.

«Агрессив уруш бошланганидан бир йил ўтиб, бу таҳдид жамоатчилик фикрида яна орқа планга ўтмоқда», деди у. Паулини электр таъминоти каби хавф омилидан хавотир билдирди. «Электр энергияси атом электр станциясининг хавфсиз ишлаши учун зарурдир», деди у ҳарбий ҳаракатлар яна Запорижжя атом электр станцияси ҳудудидаги атом иншоотларининг ўчирилишига олиб келишидан ташвишланишини билдириб.

Уруш пайтида Запорижжя атом электр станцияси кўп марта ўққа тутилган. Паулини объект атрофида хавфсизлик зонасини яратиш бўйича ҳаракатларни қўллаб-қувватлади. «Украинадаги ва унинг чегараларидан узоқдаги одамларни ҳимоя қилиш керак. Буни Атом энергияси бўйича халқаро агентлик ҳам талаб қилмоқда», - деди у.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top