Шу муносабат билан ўтказилган маросимда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, зиёлилар, ёшлар иштирок этди. Давлат раҳбари сўзининг аввалида халқни Наврўз айёми ва муқаддас Рамазон ойи кириб келаётгани билан қутлади. Тошкентнинг қадим тарихини ёдга олиб, у бугун ҳам ҳаётнинг барча жабҳасида мамлакатда етакчи бўлиб келаётганини таъкидлади.
– Биз аҳоли талабидан келиб чиқиб, охирги йилларда Тошкентда жуда кўп қурилишлар қилдик. Энди унинг ривожланиш истиқболларини ўйлашимиз керак. Халқимиз “маслаҳатли тўй тарқамас” деганидек бугун сизлар билан Тошкентнинг келажагини кенгашиш учун йиғилдик, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президент пойтахт истиқболини белгилашда узоқни ўйлаш кераклигини таъкидлади.
– Пойтахтимизнинг барқарор ривожланишини ўйлаб, камида 15-20 йил олдин режаларимизни аниқ белгилаб олишимиз зарур. Чуқур ўйланган урбанизация сиёсати – турмуш шароити, иқтисодий ривожланишга, одамлар кайфияти ва маданиятига жуда катта таъсир кўрсатади, – деди давлат раҳбари.

Буюк Британия, Сингапур ва туркиялик мутахассислар билан бирга, Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган Бош режаси лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унда аҳоли учун қулай шароитлар яратиш, қурилишларни шаҳар ташқарисида амалга ошириш, атроф-муҳит тозалигини таъминлаш, Тошкентнинг меъморий қиёфасини сақлаб қолиш масалалари кўзда тутилган.
Тошкент вилоятининг чегарадош туманлари ҳисобидан пойтахт ҳудудини босқичма-босқич кенгайтириб, Чирчиқ ва Қорасув дарёлари оралиғида Янги Тошкентни қуриш режалаштирилган. Халқ депутатлари ва жамоатчилик вакиллари билан муҳокама қилиниб, 3 хил лойиҳадан энг мақбули танлаб олинган.
Янги Тошкент лойиҳаси доирасида 20 минг гектарда 1 миллион аҳоли яшаши учун қулай шароит яратилади ва шунга мос инфратузилма билан таъминланади. Хусусан, биринчи босқичда 60 минг аҳолига мўлжалланган кўп қаватли уйлар, 30 та мактаб, 20 та болалар боғчаси, кўп тармоқли шифохона ва 5 та оилавий поликлиника барпо этилади. Давлат идоралари, Янги Ўзбекистон университети, Миллий кутубхонанинг янги бинолари, театр, ижод мактаблари, савдо ва сервис марказлари ҳам шу ерда жойлашади.
Яна бир муҳим томони – бу лойиҳани амалга оширишда замонавий урбанизация ёндашувлари асосида “ақлли” технологиялар қўлланилади. Масалан, экологик транспорт тизими ташкил этилади. Метро ва электробуслар уйғунликда ҳаракатланади. “Яшил ва хавфсиз шаҳар” тамойили асосида, пиёдалар ва велосипедчиларнинг эркин ҳаракатланиши учун қулай шароит яратилади. Шу мақсадда 100 минг автомобиль учун ер ости тураргоҳлари қурилади. Автомобиль қатнови учун 14 та замонавий тунеллар ҳамда Чирчиқ ва Қорасув дарёлари устида 7 та кўприк бунёд этилади. Барча электр, алоқа тармоқлари, газ ва сув қувурлари ер тагидан ўтказилади.



















