Зилзила сабабли, Туркиядаги одамларнинг кайфияти анча ёмонлашди. Ҳозирга қадар 48 минг одам вафот этгани айтилди. Тахминан 100 миллиард долларлик зарар келгани билдирилди. Жами 6200 дан ортиқ бинолар бузилгани маълум.
Эрдўған, истаганида ҳам сайловни ортга суриши анча қийин бўларди. Чунки зилзилага қадар сайловни олдинроққа ўтказган эди. Бу билан мухолифатнинг сайловга тайёрланишига камроқ имконият қолдирганди.
Зилзиладан сўнг, Эрдўғаннинг ўзи анча ноқулай аҳволга тушиб қолди. Лекин у ноумид эмас. Тажрибали сиёсатчи сифатида, ҳали вазиятни ўзининг фойдасига ўзгартириши мумкин. Сайловга қадар салкам икки ой бор. Бир вақтлар Туркия президенти Сулейман Демирел: “Туркияда ҳаттоки бир кун ҳам – сиёсат учун жуда узоқ муддат” деган эди. Эрдўған сайловга қадар икки ой мобайнида кўп иш қилиши мумкин.
14 май куни бўладиган президентлик сайловида 60 миллион туркиялик овоз бериш ҳуқуқига эга. Туркияда жамоатчилик фикрини ўрганиш яхши йўлга қўйилган. Жамоатчилик фикрини ўрганадиган ўнлаб ташкилотлар бор. Euronews телеканалида чиққан, 10 мартга қадар бўлган сўровномаларга кўра, Эрдўғанга 45 фоиз, унинг асосий рақиби Қиличдорўғлига эса 55 фоиз сайловчи овоз беришга тайёр.
Президент Ражаб Тоййиб Эрдўған Туркия ва дунё учун нимаси билан аҳамиятли? Эрдўған бошқаруви даврида, Туркиянинг ички сиёсати ҳам, ташқи сиёсати ҳам, катта ўзгаришларга учради. Ички сиёсатда, Туркия дин билан курашувчи давлатдан, диний консерватизмни давлат ва жамиятга интеграция қилган давлатга айланди. Эрдўған, консерватор сифатида, исломга бўлган яширин курашни давлат сиёсатидан олиб ташлади.
Эрдўған 2003-14 йилларда Туркия бош вазири бўлди, 2014 йилдан ҳозирга қадар эса, кучайтирилган президентлик бошқарувида. Эрдўған бошқаруви остида, Туркияда авторитар тенденциялар анча кучайди. Айниқса, 2016 йилги давлат тўнтаришига уринишлардан кейин, авторитаризмга оғишув кучайди. Бугун Эрдўған танқидчилари Туркияда сўз эркинлиги, сиёсий эркинликлар анча торайганини айтишади. Жумладан, ижтимоий тармоқлардаги танқидлар устидан ҳам назорат анча кучайганини билдиришади.
Эрдўған ҳокимиятга келгач, анча вақт Туркияда жуда катта иқтисодий ўсиш юз берди. 2002-12 йилларда Туркияга киритилган хорижий сармоялар ЯИМнинг 64% реал ўсишига сабабчи бўлди. Жон бошига 43% ЯИМ ўсишига эришилди. Лекин, кейинги йилларда Туркияда иқтисодий ўсиш кескин секинлашди. Инфляция жуда катта. 2018 йилда бир доллар 3,8 лирага тўғри келган бўлса, бугун салкам 20 лирага яқинлашиб қолди. Беш йилда турк лираси деярли 5 баравар қадрсизланди.














