Жаҳон | 09:39 / 20.03.2023
6994
2 дақиқада ўқилади

Еврокомиссия собиқ раҳбари Юнкер Украинанинг ЕИга яқин орада қўшилишига ишонмаяпти

Еврокомиссия собиқ раҳбари Украинада нореалистик умидларни уйғотмасликка чақирди. Жан-Клод Юнкернинг фикрича, Украина фақат Европа Иттифоқига қўшилиш истиқболини белгилаши керак.

Жан-Клод Юнкер / Фото: Getty Images

Европа Комиссиясининг (ЕК) собиқ президенти Жан-Клод Юнкер Украинада Европа Иттифоқига муддатидан олдин қабул қилиниши бўйича нореалистик умидлар уйғониши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. «Мен маълум сабабларга кўра Украинага ЕИга қўшилиш истиқболи керак деб ҳисоблайман, бироқ Украинага Европа Иттифоқига муддатидан олдин киришни ваъда қилаётган кўплаб сиёсатчилар, жумладан, Ғарб сиёсатчиларининг эҳтиётсизлиги мени жуда ғазаблантирмоқда. Мен бундай вариантни кўрмаяпман», деди Юнкер Luxemburger Post газетасида 19 март, якшанба куни чоп этилган подкастида.

«Уруш ҳолатида бўлган ва шунинг учун баъзи бир юқори даражадаги сиёсий сабабларга кўра ислоҳотларга ўз хоҳиш-иродасини тўлиқ очиб бера олмайдиган мамлакатни Европа Иттифоқига оддийгина қабул қилиб бўлмайди. Шу билан бирга, жорий воқеалардан сўнг, Украина узоқ муддатли истиқболда Европа Иттифоқига қўшилади, деган фикрдаман», деди Юнкер.

Еврокомиссия собиқ раҳбари Россиянинг Украинага қарши уруши бўйича хавотир билдириб, Хитой мисолида бўлгани каби у ҳамиша мулоқот тарафдори бўлиб келганини таъкидлади. Юнкер Россия ва Хитой билан алоқаларни давом эттириш ва музокараларга тайёрлигини билдириш тарафдори эканини айтиб ўтди.

Шу билан бирга, Жан-Клод Юнкер Россия президенти Владимир Путин «жиддий тинчлик музокаралари»га «ҳеч қандай ҳолатда хоҳиш-ирода кўрсатмаётганини» таъкидлади. Унга кўра, Украина учун тинчлик диктати бўлмаслиги керак, «адолатсизлик бўлиб қолади». Шу билан бирга, Еврокомиссия собиқ раҳбари тинчлик ҳимоя қилиниши керак бўлган энг олий қадрият эмас, деган фикрни билдирди. «Ундан ҳам юқори қадрият - озодлик ва эркинлик», деб тушунтирди у.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид