Жаҳон | 09:47 / 27.03.2023
5603
2 дақиқада ўқилади

Шимолий Корея яна Япон денгизи томон ракета учирди

Шимолий Корея провинцияларидан бири ҳудудидан қисқа масофали ракеталар учирилди, деб хабар қилди Жанубий Корея ҳарбийлари ва Япония Мудофаа вазирлиги. Токио Пхенянга протест билдирди.

Фото: AP

Шимолий Корея қуролли кучлари 27 март, душанба куни эрталаб камида иккита қисқа масофали баллистик ракета учирди, деб хабар бермоқда Жанубий Корея армияси штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси. Ракеталар Япон денгизи томон учирилган.

Япония Мудофаа вазирлиги ракеталар учирилгани ҳақидаги маълумотни тасдиқлади ва улар сувга қулаган ҳолда тахминан 350 км масофани босиб ўтганини маълум қилди. Шу муносабат билан Токио КХДРнинг бундай ҳаракатларига кескин норозилик билдирди. Япония Шимолий Кореянинг баллистик ракета синовлари БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Пхенянга буни тақиқловчи резолюцияларини бузишини қайд этди.

Минтақада 23 март куни Жанубий Корея ва АҚШнинг 13 мартдан бери давом этган сўнгги йиллардаги энг йирик қўшма ҳарбий машғулотлари якунланди. Машқлар давомида Пхенян бир ҳафта ичида денгизга қараб камида бешта ракета учирди, жумладан, стратегик баллистик ракеталар ва камида битта узоқ масофали ракета отилди. КХДР шундай тадбирлардан бирида «ядровий қарши ҳужум» амалиётини ўтказиб, «сохта ядро каллаги билан жиҳозланган тактик баллистик ракета» учирди.

Шундан сўнг Пхенян ядро қуролини олиб юришга қодир бўлган янги сувости дронни муваффақиятли синовдан ўтказганини, у сувости портлаши ёрдамида «ўта кучли радиоактив цунами»ни келтириб чиқариши мумкинлигини маълум қилди. Бироқ Жанубий Корея ва АҚШ таҳлилчилари Пхенянда бундай қуроллар борлиги ҳақидаги баёнотларга шубҳа билан қараган.

Мавзуга оид