Ўзбекистонда помидор нархи рекорд даражада қимматлашди. EastFruit маълумотларига кўра, жорий йилнинг 17 мартидан 24 мартига қадар Ўзбекистонда қизил думалоқ иссиқхона помидорининг ўртача улгуржи нархи 1 кг учун 28 минг сўмдан 36 минг сўмга, яъни бир ҳафта ичида 28,6 фоизга ошган. Шунингдек, жорий йил бошидан 24 мартга қадар мамлакатда ушбу маҳсулот улгуржи нархлари 2,4 баробарга қимматлаган.

2023 йилнинг 24 март ҳолатига кўра, Ўзбекистонда қизил думалоқ иссиқхона помидорининг ўртача улгуржи нархи ўтган йилнинг шу санасига нисбатан 1,8 баробар ва 2020-2021 йилларнинг шу санасига нисбатан 2,4 баробар юқори бўлган.

2023 йилнинг 24 март ҳолатига кўра, қизил думалоқ иссиқхона помидорининг ўртача улгуржи нархи (1 кг учун АҚШ долларида):

  • Ўзбекистон — 3,16 доллар;
  • Польша — 2,79 доллар;
  • Украина — 2,60 доллар;
  • Тожикистон — 2,29 доллар;
  • Молдова — 1,61 доллар;
  • Грузия — 1,16 доллар.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, 27 март ҳолатига пойтахт марказий бозорларида 1 кг помидор ўртача 34-36 минг сўм оралиғида, озиқ-овқат маҳсулотлари сотишга ихтисослашган супермаркетларда эса 37 минг сўмдан 45 минг сўмгача сотилмоқда.

Таққослаш учун, ўтган йилнинг мос даврида Қўйлиқ деҳқон бозорида 1 кг қизил помидорнинг ўртача улгуржи нархи 15-18 минг сўм, 1 кг пушти помидорнинг ўртача улгуржи нархи эса 13-17,5 минг сўм атрофида бўлган.

Нега помидор кескин қимматлашди?

Жорий йилнинг январь ойида Ўзбекистонда аномал совуқ об-ҳаво кузатилганди. Ушбу омил иссиқхона помидори нархининг кескин ошишида асосий катализатор ролини ўйнаган бўлиши мумкин.

Kun.uz суҳбатлашган иссиқхона фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлардан бирининг сўзларига кўра, аномал совуқ ҳаво туфайли кўплаб иссиқхоналар помидор ҳосилини бой берган.