Ўзбекистон | 10:25 / 28.03.2023
8260
2 дақиқада ўқилади

Тиббиёт ходими фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди

Тиббиёт ходимининг фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди. Шавкат Мирзиёев бу ҳақдаги тегишли қонунни имзолади.

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс янги 197-7-модда билан тўлдирилиб, унда тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки шу мақсадда тиббиёт ходимига турли шаклда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиш учун маъмурий жавобгарлик белгиланди.

Мазкур қилмиш учун фуқароларга – 1,5 млн сўмдан 2,1 млн сўмгача (базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 7 бараваригача), мансабдор шахсларга эса 2,1 млн сўмдан 3 млн сўмгача (7 баравардан 10 бараваргача) жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ тарзидаги жазо белгиланди.

Бундан олдин педагогларни мажбурий меҳнатга жалб қилганлик учун алоҳида жиноий жавобгарлик белгиланганди.

Педагог ходимни меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш учун, агар худди шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, 45 млн сўмдан 60 млн сўмгача жарима ёки 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари жазоси белгиланди.

Таълим ташкилоти педагог ходимининг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш учун ҳам маъмурий жавобгарлик кучайтирилди. Эндиликда бу қилмиш учун фуқароларга 2,1 млн сўмдан 4,5 млн сўмгача жарима, мансабдор шахсларга эса 3 млн сўмдан 6 млн сўмгача жарима белгиланмоқда.

Мавзуга оид