27 март куни ижтимоий тармоқларда Чорвоқ сув омборида сув сатҳининг пасайиши оқибатида юзага чиқиб қолган одам суяклари акс этган видео тарқалди. Ҳолат бўйича Бўстонлиқ туман прокуратураси терговга қадар текширув давомида бир неча йиллар аввал тумандаги «Безгати боғ» қабристони бўлгани, Чорвоқда сув сатҳининг кўтарилиши натижасида қабристон сув остида қолиб кетгани аниқланганини маълум қилди. Kun.uz мухбири суяклар топилган ҳудудга бориб, вазиятни ўрганишга ҳаракат қилди.

Маълум бўлишича, бундай ҳолат Чорвоқ сув омборида 2013 йилдан бери кузатилади. Боладала қишлоғи фуқароси, Чорвоқ сув омбори бошқармаси муҳандис-гидротехниги Нукриддин Обиддиновга кўра соҳилга туташ тепаликда қадимги қабристон бўлиши мумкин.

 Нукриддин Обиддинов, Чорвоқ сув омбори бошқармаси муҳандис-гидротехниги

«2013 йилгача бу ерда қабрлар борлигини билмаганмиз. Сув ювиб, суяклар очилиб, кўриниб қолгач кейин билганмиз. Ўшанда суяклар пастдан чиққан, уларни сув тўлқини ювиб пастга олиб тушган бўлиши мумкин. Шу ерда бир қатор қабрлар бор эди. Суяклар йирик ва узун-узун эди. Ҳозир қабрлар чиқмаяпти, лекин биз турган жойларда эски қабрлар бўлиши эҳтимоли бор. Мен 2013 йилгача бирорта суяк кўрганим йўқ. Қарияларимиз, ёши улуғ инсонлардан сўраганимизда улар ҳам билмаган бу ерда қабристон борлигини. Балки, бир неча асрлар аввал бу ерга одамлар кўмилгандир. Қабрлар очилиб қолганда ҳаммасини тозалаб олиб, суякларни бошқа жойга диний таомилларини қилиб қайта кўмганмиз», – дейди Нукриддин Обиддинов.

Чорвоқ сув омбори бошқармаси бўлим бошлиғи Улуғбек Ғуломовнинг айтишича, 2014 йилда қадимги қабристон деб таҳмин қилинган жой атрофи таянч девор билан мустаҳкамланган.

«Таянч деворнинг тепа қисмида қабристон бўлиши мумкин. Сув тўлиб тушиши натижасида суякларни оқизиб кетиш хавфи бор. Археологлар келиб бу ердан ханжар, одам суяклари ва бошқа нарсалар топган. Асосан, одамларнинг бош, тос, қўл суяклари чиқар эди. Очилиб қолган қабрларга эътибор берилса, бош тарафга ётиқсимон тошлар қўйилган. Лекин археологлар ҳам қабрларнинг қайси даврга тегишли эканини билишмаган. Таянч деворини қилгунимизча суяклар чиқиб турди. Девор битгач, тўхтади. Шундай бўлса-да, ҳар замонда сув тўлқини пастга оқизган суяклар чиқиб қолади», – дейди у.