Ўзбекистонда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган аҳолига ёғ, тухум ва гўшт харидидан ҚҚС қайтариш орқали 2 миллиондан ортиқ оилага енгиллик яратилиши айтиляпти.
Расмийлар ҳали бу механизмнинг қандай ишлаши ҳақидаги режаларни очиқламаган бўлса-да, ҚҚС қайтариш худди харид чекидан 1 фоиз кешбэк қайтарилиши каби йўсинда бўлиши ҳақида гап-сўзлар бор. Бунинг учун “Soliq” мобил иловасига алоҳида функция қўшилади.
Ижтимоий реестрга киритилган фуқаро гўшт, ёғ, тухум харид қилганда чекни илова орқали сканер қилади. Унда қанча имтиёзли ҚҚС суммаси бўлса, автоматик ҳисобланиб, унга маблағ қайтарилади.
Оддийроқ айтганда, ҚҚСни қайтариш механизми харид чекига боғлаб қўйиляпти.
Ҳукумат буни қанчалик яхши мақсадда қилаётган бўлмасин, камбағал қатламга кирадиган одамлар ҚҚСни қайтариб олишида муаммо туғилиши, натижада бу тизим ишламаслиги мумкин. Нега?
Биринчидан, харид чеки муаммоси. Маълумки, камбағал аҳоли асосан деҳқон бозорларидан (супермаркетлар эмас) озиқ-овқат харид қилади. Бозорларда эса ҳали харид учун деярли чек берилмайди. Қўлида чеки бўлмаган одам имтиёздан фойдалана олмаслиги турган гап.
Иккинчидан, алоқа ва коммуникация муаммоси. Фуқаро “шу имтиёздан фойдаланаман” деб хариди учун чек олди ҳам дейлик. Унинг қўлида “Soliq” мобил иловасига кириб, чекни сканерлаш учун етарли ресурс бўладими? Кам таъминланганлар рўйхатидаги одам (айтайлик, кўп болали бева аёл) смартфон ишлатадими? Интернетга кириш учун трафик сотиб оладими? Эҳтимоли жуда кам. Ижтимоий ҳимояга муҳтож кўплаб ўзбекистонликлар оддий (сенсорсиз, қониқарли камерасиз, тугмали) телефон ишлатади ёки шуни ҳам ишлатмайди.
Учинчидан, қайтариладиган маблағ жуда кам ва бу одамларни қизиқтира олмайди. Реeстрга киритилган одамда чек олиш ва смартфон билан боғлиқ муаммо йўқ дейлик. Унда ҚҚС имтиёзидан фойдаланиш учун ҳамма нарса бор деб тасаввур қилиб кўрайлик. Аммо камбағал одам бир ойда қанча ёғ, қанча гўшт ёки қанча тухум сотиб олади ва бундан олинадиган кешбек миқдори қанча бўлади?
Ҳозирча ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ойига қанча миқдорда гўшт, ёғ ёки тухум сотиб олиши ҳисобланмаган. Шу сабабли тахминий ҳисоб-китоб қилишга тўғри келади.
















