Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистондаги муаммолар ва ҳудуд имкониятларига тўхталди
Кегейли туманида бўлиб ўтаётган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонда боғча, мактаб, йўл, сув, электр, озиқ-овқат таъминотидаги камчиликларни маълум қилди. Шунинг баробарида ҳудуддаги имкониятларга ҳам тўхталиб, муаммоларга ечимларни санаб берди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
Президентга кўра, Қорақалпоғистон Республикасида:
- 4 та маҳаллада боғча йўқ, 51 та мактабда ўқувчилар сони меъёрдан 2 баравар кўп;
- 208 та маҳаллада ичимлик суви таъминоти яхши эмас, қамров 68 фоиз;
- 120 километр магистрал ҳамда энг серқатнов 600 километр ички йўлларни таъмирлаш керак;
- 2023 йилда 100 миллион киловатт соат электр тақчиллиги кутилмоқда. Йиллик эҳтиёж эса 2 миллиард киловатт.
Республикада 168 минг тонна картошка, 48 минг тонна мол ва парранда гўшти, 90 миллион дона тухум танқислиги мавжуд.
Ҳудуддаги мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб президент: “11 та кластер ва 15 та йирик корхоналар томонидан 6 минг касаначини жалб қилса бўлади. Ҳоким ёрдамчилари тайёрлаган 700 та лойиҳа ҳисобига, 2 минг аҳолини банд қилиш зарур. Бунга оилавий тадбиркорлик дастурида 950 миллиард сўм имтиёзли кредит, 34 миллиард сўм субсидия ажратилади. 48 та норуда конларга, айниқса, Қораўзак, Тахтакўпир, Бўзатов ва Мўйноқдаги 11 та истиқболли майдонга саноат олиб келинади”, деди.
Шавкат Мирзиёев масъулларга йил якунига қадар туманларда 3 тадан катта саноат лойиҳасини амалга ошириш, аҳолига деҳқончилик қилишга бериладиган ерларда чорвага озуқа етиштириш учун ҳозирги 2 гектарлик майдонни 5 гектаргача кенгайтириш, мева-сабзавотчилик ва чорвачилик лойиҳаларига 10 миллион доллар йўналтириш, 1 октябрга қадар Бўстон каналини бетонлаш ишини якунлаб, 100 минг гектарда сув таъминотини яхшилаш топшириғини юклади.
Шунингдек, ижтимоий йўналишларда:
- Амударё, Бўзатов, Чимбой, Элликқалъа, Қонликўл, Кегейли, Тахиатош, Қораўзак, Хўжайлида йил якунигача 1 тадан 100-150 ўринли боғча давлат ҳисобидан қуриб берилади;
- барча мактаблар ва шифохоналарни таъмирлашга, шу жумладан, иссиқлик таъминотини қилиб беришга (50 миллиард сўм) қўшимча маблағ ажратилади;
- 1 майдан “Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнов” йўлининг Элликқалъа, Тўрткўл, Беруний ҳудудидан ўтган 25 километрини реконструкция қилиш бошланади;
- йил якунигача 92 километрини таъмирлаш учун лойиҳалаш ва маблағ жалб қилиш ишлари охирига етказилади.
Мавзуга оид
10:30 / 10.11.2024
Қорақалпоғистонда содир бўлган ЙТҲда пиёда вафот этди
18:32 / 28.10.2024
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисига янги ўринбосар тайинланди
21:17 / 25.10.2024
Қўнғирот–Бейнеу йўлининг 240 километрлик қисми фойдаланишга топширилди
12:10 / 25.10.2024