«Халқлар устидан ҳукмронлик. 1400 йилдан бизнинг давримизгача технологиялар, табиат ва ғарб империализми» китобини ёзган Американинг Рузвелт университети ижтимоий фанлар ва тарих бўйича фахрий профессори Дэниел Ҳедрикнинг ихтисослашуви империализм хизматида бўлган технологиялар билан боғлиқ.
Унинг номи юқорида зикр этилган китоби энг ривожланган давлатларнинг бошқа мамлакатлардан ҳарбий устунлик нуқтайи назаридан эволюциясига бағишланган. Муаллиф хусусан Иккинчи жаҳон уруши ғолиблари ақл бовар қилмас технологик ютуқларга эришган бўлса-да, алал оқибатда «қолоқ» давлатларни ерпарчин қила олмаганини савол остига олади: «Гарчи Франция, советлар иттифоқи ва Қўшма Штатлар ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими кучсиз бўлган рақибларига нисбатан ҳавода устунликка эга бўлса-да, буюк барқудрат давлатларга қуруқликда — тоғларда, ўрмонларда, шаҳарларда ва ботқоқ жойларда қақшаткич зарба берилган». Бошқа мисоллар қатори, Ҳедрик СССР парчаланишида етарли ролни ўйнаган совет қўшинларининг Афғонистондаги мағлубияти сабабларини таҳлил қилади. Қуйида китобнинг ўша бўлимидаги фикрлар келтирилади.
* * *
Бир неча тажовузкор давлатлар ўз танасида синаб кўриб, тарвузи қўлтиғидан тушганидек, Афғонистонни маҳв этиш осон иш эмас. Унинг катта қисми ўтиш қийин бўлган тоғликлардан иборат бўлиб, ёзда жазирама иссиқ, қишда эса қаҳратон совуқ бўлади. Инсон истиқомат қиладиган водийлар жуда тор, тоғ довонлари эса йилнинг катта қисмида қор билан қопланган бўлади. Афғон қабилалари мудом бир-бири билан жанг қилиб туради, эркакларнинг аксарияти ё ов, ё жанг қилиш учун қурол ишлатишни билади.
1979 йил декабрида совет транспорт учоқлари қўшинларни Кобул шаҳрига, Афғонистон коммунистик ҳукуматига ёрдам бериш важи остида элтиб ташлай бошлайди. Аслида эса мамлакатни эгаллаш бўйича яхшилаб режалаштирилган кампания ҳақида гап бораётган эди. Кўп ўтмасдан еттита мотоўқчи ва бир ҳаво-десант дивизиялари Афғонистон чегарасини кесиб ўтиб, йирик шаҳарлар ва асосий йўлларни тезлик билан эгаллаб олди. Икки йил мобайнида Афғонистондаги совет ҳарбий контингенти 110 минг кишигача ошди. Афғонистонга қўшни Туркманистон, Ўзбекистон ва Тожикистонда яна 30–40 минг одам захирада ушлаб турилганди.
Қуруқликдан туриб кенг миқёсли босқин уюштириш учун совет армияси 1980 йилнинг мартини кутди — бу вақтга келиб Афғонистон тупроғидаги қор қопламининг асосий қисми эрий бошлаганди. Ўтган вақт ичида диний қарашларга эга ва бегона босқинчиларга нафрат ҳиссини туйган афғонлар қаршилик кўрсатишга тайёрланиш учун тоғларга чиқиб кетган эди.
Леонид Брежнев ва совет қуролли кучлари қўмондонлиги ҳарбий ҳаракатларнинг асосий оғирлиги Афғонистон коммунистик ҳукумати қўшинлари зиммасига тушади деб ўйлаган ва қаттиқ адашган эди. Афғон армиясидан катта сонда ҳарбий хизматчилар қурол-яроғлари билан қочиб кетади, совет қўшинлари уларнинг қолган-қутганларини ҳам қуролсизлантириб, ҳарбий ҳаракатларни ёлғиз ўзлари олиб боришга мажбур бўлади. Бу жуда мураккаб вазифа бўлиб чиқди, чунки совет қўшинлари 1945 йилдан буён уруш кўрмаган, 18-20 ёшли аскарларнинг аксарият қисми жанговар ҳаракатларга тайёр эмасди.



















