Энг янгиси

АҚШ долларининг инқирози ҳақидаги сўнгги хабарлар 2023 йилнинг март ойида айлана бошлади ва асосий жамғармасини шу валютада сақлайдиган ўзбекистонликларни ҳам ўйлантириб қўйди. Бунга иккита расмийроқ сабаб бор эди: Путин билан Си Жинпингнинг Москвада учрашуви пайтида миллий пуллардан фойдаланишни кенгайтириш маслаҳатлари ва Хитойнинг Бразилия билан ҳисоб-китобларда юандан фойдаланиш режалари.

Аммо жиддийроқ ўйлаб кўрилса маълум бўладики, Россия билан Хитой бундай режани ҳамиша тузиб келишган, қатор лойиҳаларда муваффақиятли қўллашган ҳам. Лекин бу лойиҳалар асосан ўзаро маҳсулот айрибошлаш жараёнидагина фаол ишлаган. Масалан, Россия маълум табиий бойликларни юанга сотади ва ўрнига дарҳол Хитой ускуналарини сотиб олади. Яъни бу ўринда ҳар икки давлатда захира валютасини юанга ёки рублга ўтказиш режаси йўқ. Давлатларо йирик битимлардан ташқари бевосита фуқароларга алоқадор маиший олди-бердиларда ҳамон доллар асосий воситачи валюта бўлиб турибди.

Иккинчи ҳолат – Бразилия ва Хитой ўртасидаги савдода ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилади, яъни фақат маҳсулот айрибошлаш жараёнида қисқа муддатда юандан фойдаланилади. Захира сақлаш, бошқа давлатлар билан ҳисоб-китобларда дарҳол юан конвертация қилинади.

Тарихдаги хабарлар

Доллар инқирози ҳақидаги бундан олдинги глобал ахборот оқими 2007-2008 йилларда кузатилган. Ўшанда доллар дунё бўйлаб энди мавқеини йўқотиши, Америка қитъасидаги қатор давлатлар биргаликда “Амеро” валютасини йўлга қўйиши ҳақида хабарлар тарқалди. Бироқ кейинчалик маълум бўлдики бирор давлатнинг раҳбарияти ёки марказий банкида бу борада аниқ режа йўқ, аксинча, барча давлатлар асосий захираларини долларда шакллантиришган, яъни бу инқироз биринчи навбатда уларнинг ўзларига зарар келтиради.

Аслида иқтисод оламида бундай тебранишлар ҳар доим, яқин 50 йил ичида жуда кўп кузатилган. Энг жиддийси 1971 йилда, доллар энди АҚШ томонидан олтинга эркин алмаштирилмайдиган бўлганидан сўнг бўлиб ўтган. Ўша йили АҚШ президенти Никсон дунёнинг истаган марказий банкидан келган 35 доллар учун бир троя унцияси ҳисобида олтин беришни назарда тутувчи Бреттон-Вуд тизимини тўхтатади. Бу ҳолат ўз захираларининг катта қисмини долларда сақлаб турган ва истаган пайтда олтинга алмаштира олишига ишонган кўплаб давлатларда ваҳима туғдиради. Тўғри, ўша пайт 10 фоиз атрофида доллар инфляцияси кузатилади, олтин шу йилнинг ўзида 38 долларга, кейинги икки йилда 42 долларга кўтарилади. Лекин АҚШ доллари дунё иқтисодиётида асосий ўйинчи мақомини сақлаб қолади. Чунки бу пайтга келиб бошқа рақобатчининг ўзи ҳам йўқ, тобора ривожланиб бораётган молия тизимининг олди-берди жараёнларини фақат олтин билан таъминлаб туриш амалда иложсиз эди.