Россия Олий иқтисодиёт мактабининг собиқ ўқитувчилари томонидан асос солинган «Свободный университет» интернет университети Россиядаги фаолиятини тўхтатишга қарор қилди. Бу ҳақда 2 апрел, якшанба куни университетнинг Telegram-каналида чоп этилган Илмий кенгаш баёнотида айтилади.

Баёнотда таъкидланганидек, бу қадамга Россия Бош прокуратурасининг таълим муассасасини «номақбул ташкилот» деб тан олган қарори сабаб бўлган. Илмий кенгаш талабалар ва ўқитувчилар хавфсизлиги биринчи ўринда туришини таъкидлади. Шу билан бирга, «Россия қонунлари фуқароларни бундай ташкилотларнинг ҳар қандай «фаолиятида иштирок этганлик» учун жиноий жавобгарликка тортишга имкон бериши айтилган. Шу тариқа, ҳокимият мустақил семинарларда қатнашадиган ва мустақил академик муҳокамалар ўтказадиган ўқитувчилар ва талабаларни ҳуқуқбузарлар деб эълон қилиши мумкин», дейилади баёнотда. Россия Жиноят кодексининг 284.1-моддасига мувофиқ, Бош прокуратуранинг қароридан сўнг, университет талабалари ва ходимлари тўрт йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Илмий кенгаш «Бош прокуратуранинг университет ғоясини моҳиятан қонунга зид қилиб қўйган хатти-ҳаракатларини конституцияга қарши» деб ҳисоблашини таъкидлади. Шунга қарамай, ташкилот ўзининг кейинги ривожланишини Россия юрисдикциясидан ташқарида режалаштирмоқда.

«Свободный университет» ННТ Латвияда 2021 йилда рўйхатдан ўтган. Унинг таъсисчилари орасида Россия Жамоатчилик палатасининг собиқ аъзоси, ҳуқуқшунос Елена Лукянова, филолог Гасан Ҳусейнов, журналист Кирилл Мартинов бор. Бугунги кунга қадар университет билан 180 нафар ўқитувчи ҳамкорлик қилган, унда 2 мингга яқин талаба таҳсил олади.

Россия Бош прокуратураси 31 март куни Латвия нодавлат нотижорат ташкилоти (ННТ) - «Свободный университет» фаолиятини «номақбул» деб тан олишга қарор қилди. 

«Ташкилотга Латвия ҳудудида яшовчи Россия фуқаролари, жумладан, Россияда тан олинган «чет эл агентлари» томонидан асос солинганлиги аниқланди», — дейилади матбуот учун хабарда. «Ўқув муассасаси профессор-ўқитувчилари таркиби томонидан Россияда экстремистик деб эътироф этилган ташкилотлар фаолияти оммалаштирилмоқда», - дейилади Россия Бош прокуратураси маълумотида, аммо маҳкама қайси ташкилотлар ҳақида гап кетаётганига аниқлик киритмаган.