«Вагнер» ХҲК Бахмут шаҳри марказига кириб келган. Компания раҳбари Евгений Пригожин Россия ва ХҲК байроқларини шаҳар Радаси харобалари устига ўрнатган. Бу бино катта эҳтимол билан Украина қуролли кучлари чекинаётган вақтда портлатилган. Энди Россия кучлари шаҳар ҳудудининг тахминан 70 фоизини назорат қилмоқда. Аммо Украина қуролли кучлари ҳамон шаҳарнинг ғарбий қисмини ўз назоратида сақлаб турибди — бу таъминот йўлига туташган ҳудуддир. Агар украин армияси яқин ҳафталарда Бахмут атрофида қарши ҳужумга ўтмаса, шаҳар буткул бой берилиши мумкин.
Шаҳар марказига байроқлар ўрнатилган
«Вагнер» ХҲК март ойи ўрталарида шаҳар жанубида мудофаа чизиғини ёриб ўтган. Ёлланма жангчилар икки ҳафта давомида кўча жанглари орқали Бахмутка дарёсига параллел ҳаракатланиб, шаҳар марказига етиб келган (дарёнинг иккинчи томонида уларнинг артиллерия қисмлари жойлашган).
Шаҳар Радаси биноси харобалари (шунингдек, район маъмурий биноси) айнан қачон эгаллангани маълум эмас.
2 апрел куни «Вагнер» ХҲК раҳбари Евгений Пригожиннинг матбуот хизмати ёлланма жангчилар Бахмутни эгаллагани ҳақида видеоёзув эълон қилди, видеода Россия ва ХҲК байроқлари кўтарилиши акс этган.
«Юридик жиҳатдан у бизники», деди Пригожин камера қаршисида ва эндиликда душман фақат «ғарбдаги кварталларда қолгани»ни айтди.
Видеода отишмалар овозлари эшитилмайди, бу шуни англатадики, эндиликда Украина қуролли кучлари позициялари маъмурият бинолари жойлашган кварталдан узоққа кетган.
Украина рад этди, ISW тасдиқлади
Украина қўмондонлиги сўнгги етти ой мобайнида Бахмутни штурм қилаётган Россия қўшини ва «Вагнер»нинг ёлланма гуруҳлари ҳали шаҳар устидан назорат ўрнатишдан жуда узоқдалигини маълум қилди.

Украина қуролли кучлари Шарқий қўшинлар гуруҳи расмийси Сергей Череватийнинг сўзларига кўра, Пригожиннинг бу сафарги баёноти ҳам ҳақиқатга тўғри келмайди ва Бахмут учун жанглар давом этмоқда.





















