Россия бюджетининг тахминан 40 фоизи – нефт ва газ тушумлари билан тўлдирилади. Давлат хомашё кампанияларидан дивидендлар ва шу соҳадан олинадиган турфа солиқлар натижасида яна тахминан 15-20 фоиз бюджетга тушум тушади. Жами 60 фоизга яқинлашиб қолади.
Россиянинг 70 фоиз гази ва 55 фоиз нефтини Европа давлатлари сотиб оларди. Россия Украинага уруш очиш орқали, де-факто ўзининг энг асосий мижози бўлмиш Европага қарши уруш очди. Европа тезда Россия нефт ва газидан воз кечгани сабабли даромад ҳажми кескин қисқарди.
Уруш – жуда қиммат турадиган тадбир. Уруш сабабли Россиянинг харажатлари ошган, санкциялар сабабли нефт, газ ва олтиндан тушумлар қисқарган.
Россиядаги уруш Ўзбекистон учун икки ўлчамга эга. Иқтисодий ўлчамга кўра, бу урушнинг билвосита зарари Ўзбекистонга ва ўзбекистонликларга бўлади. 2025-30 йилларда Россия иқтисодиёти оғир кунларни бошидан ўтказади. Келаси 2024 йилда Россияда президентлик сайловлари. Путин қолади. У энди кета олмайди.
Путин ҳокимиятдан кетишини Вашингтон ҳам истамаса керак. Чунки Путин орқали Россияни мажруҳлантириш жараёни бошланди. Бундай катта давлатларни мажруҳлантириш – узоқ вақт талаб қилади.
Россия – Ўзбекистоннинг биринчи ёки иккинчи савдо-иқтисодий ҳамкори. Бу давлатда миллионлаб ватандошларимиз ишлайди. Демак, Россиядаги иқтисодий инқироз бизга ҳам таъсир қилади.
Лекин бу урушнинг сиёсий ўлчами биз учун муҳимроқ. Бу уруш – Россиянинг империя қуриш йўлидаги уруши эди. Яхшики, Путин ишни Украинадан бошлади. Агар ишни Марказий Осиёдан бошлаганида эди, тарих бошқа ўзандан кетарди.
Россия Украинада амалда ютқазиб бўлди. Энди аниқки, Украинани тўлиқ босиб ололмайди. Украина Россиянинг «бўғзига тиқилиб қолди». Энди Россия бошқа давлатларга тажовуз қила олмайди. Чунки маълум бўлдики, Россия Украина уруши учун ҳам сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий жиҳатдан тайёр бўлмаган экан.
Россия ҳокимиятидаги империячилик лойиҳасининг синиши Ўзбекистон учун кейинги ўн йилликлардаги имкониятларни англатади. Минтақада Россиядан қўрқиш йўқолиб, янги геосиёсий тафаккур шаклланиб бошлайди.
Россияда Путинга хос империячилик тафаккурининг йиқилиши – Россия давлатчилиги йиқилишини англатмайди. Путиндан кейинги Россия Ўзбекистон давлати ва ўзбекистонликлар учун анча жозибали бўлиши ҳам мумкин.

















