Хоразмда мансабдорлар меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан жинсий алоқа қилиб келгани масаласи.
Тўғри, ўтган кунлар давомида иш доирасида кўплаб масалалар ойдинлашиб улгурди. Жамоатчиликнинг норозилик ва эътирозларидан кейин иш қайта кўрилиши ҳам маълум бўлди. Аммо мавзу борасида ўрганиш, таҳлил қилиш лозим бўлган яна қатор масалалар борки, Kun.uz мухбири ана шу масалаларга оид саволларни бир қатор жамоатчилик фаолларига берди.
Интервью меҳмонлари Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов, иқтисод фанлари доктори, профессор, жамоатчилик фаоли Барногул Санақулова ва адвокат Жаҳонгир Муталипов бўлди.
— Абдураҳмон ака, Барногул опа, Жаҳонгир ака, ҳозирги берадиган саволимга фаолиятингиздан келиб чиқиб, ҳар бирингизда алоҳида жавоблар борлиги табиий. Интервьюга сизларни таклиф қилганим сабаби ҳам шуки, масалага турли томондан фикр олиш ва муаммонинг туб илдизларини топиш.
Бу меҳрибонлик уйларида норасида қизларнинг зўрланиши, топталиши бўйича Ўзбекистондаги ягона ҳолат эмас. Биз шу пайтга қадар Марғилонда, Қўқонда шу каби ишлар бўлганини яхши биламиз. Тергов изоляторида бир неча қизлар ҳомиладор бўлиб қолгани, иш фигурантлари ҳаттоки катта-катта ҳокимлар бўлганини биламиз.
Хўш, давлатчилик, миллат учун шармандали жирканчликлар нега тўхтамаяпти. Сабаб, бўшлиқ, илдиз қаерда?
Абдураҳмон Ташанов:
— Бу ишни икки қисмга ажратиш керак. Биринчидан, жиноятчига нисбатан ўта енгил жазо берилганлиги жамоатчилик эътирозига сабаб бўляпти. Буни қонунчиликдаги бўшлиқлар билан малакалаш мумкин. Иккинчидан, бу соҳа нега муаммолардан чиқмаяпти, деган саволга тўғридан тўғри давлат бошқаруви ва ижтимоий-сиёсий вазият билан малакаланади. Умумлаштириб олсак, коррупцион омиллар, қонунчиликдаги бўшлиқлар, анъана шаклига келиб қолган нималардир бор. Бу иллат совет даврида ҳам бўлган, мустақилликнинг дастлабки йилларида авж олди, 2018/19/20-йилларда ҳам бундай нохуш ҳолатлар бўлди. Яъни бу ерда барча омиллар бир-бирини етаклаб келаверади.

Умуман, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида педофилия жиноятлари алоҳида ажратилмаган. Масаланинг оғир нуқталаридан бири ҳам шу. Оилавий зўравонликлар ҳам шундай. Саида Мирзиёева ташаббуси билан оилавий зўравонликка оид қонун ҳужжати қабул қилиняпти, лекин бу ҳужжат ҳам тўлиқ шаклда эмас. Бу муаммолар мамлакатнинг тараққиёт даражаси, демократлашуви йўли билан боғлиқ. Халқаро тажрибада ўтган асрнинг 30-40-йилларида Европада ҳам биздаги ҳолат бўлган. Бу нарса иқтисодий ҳолат билан ҳам боғлиқ, чунки ҳар бир муассасага пул ажратиш керак ва ҳоказолар.
















