Жаҳон | 13:35 / 05.04.2023
8724
2 дақиқада ўқилади

Германия вице-канцлери Берлиннинг Киевни қўллаб-қувватлаши чегараларини белгилаб берди

Фото: AP

«Биз уруш қатнашчисига айланмаслигимиз керак», деди Киевга икки кунлик ташриф билан келган Роберт Ҳабек Deutschlandfunk нашрига берган интервьюсида.

Вице-канцлер, Германия иқтисодиёт вазири Роберт Ҳабек Берлиннинг Киевни қўллаб-қувватлаш чегараларини белгилаб берди. Украинага икки кунлик ташриф билан келган Ҳабек 5 апрел, чоршанба куни Deutschlandfunk нашрига интервью берди. 

«Биз уруш қатнашчисига айланмаслигимиз керак. Бу чегара доимо ҳурмат қилиниши муҳим», - деди у. Шахсан у учун қизил чизиқ нима деган саволга Ҳабек: «Украинада немис қўшинларининг мавжудлиги», деб жавоб берди. 

Германия иқтисодиёт вазирининг сўзларига кўра, у давлат сармоя кафолатлари туфайли Украинани реконструкция қилишда кўпроқ компаниялар иштирок этишини кутмоқда. 

«Кўплаб корхоналар Украинага келишдан, Украинага сармоя киритишдан манфаатдор», — деди Ҳабек. Унинг таъкидлашича, бу жараёнга дастлабки компаниялар аллақачон қўшилган. «Агар улардан баъзилари (Украина бозорига келишни) ҳозир бошласа ва давлат кафолатлари воситалари мавжуд бўлса, мен бошқа фирмалар манфаатдор бўлишини ҳам тасаввур қилишим мумкин. Бу борада мурожаатлар рўйхати анча узун», деди сиёсатчи. Deutschlandfunk маълумотларига кўра, 220 миллион евролик ўн битта лойиҳага бундай кафолатлар тақдим этилган. 

Германия вице-канцлери Украинадаги уруш муносабати билан кейинги санкциялар масаласига ҳам тўхталиб ўтди. Атом электр станциялари учун Россиядан уран оладиган давлатларга нисбатан чеклов чоралари қўлланиши керак, деб ҳисоблайди Германия иқтисодиёт вазири. Украина пойтахтидаги музокаралар чоғида «Россиядан Европага уран ёқилғисини етказиб бериш масаласи» диққат марказида бўлди, дея қўшимча қилди Ҳабек. Унинг фикрига кўра, чекловлар жорий этилиши керак - «ҳатто бу ҳали ҳам АЭСни Россия урани билан жиҳозлаётган мамлакатлар учун ўзгаришни англатса ҳам». 

Мавзуга оид