Россиянинг Брянск областида чегара яқинида украинларнинг А-22 «Летучая лисица» русумли енгил моторли самолёти ҳалокатга учраган. Бу ҳақда ФХХ чегара хизмати ҳудудий бошқармаси хабар берди.

«Украина ҳудудига қочишга уринган (Украина фуқароси) чегарачилар наряди томонидан қўлга олинди», — дейилган хабарда. Ҳодиса Бутовск аҳоли яшаш манзили яқинида рўй берган, ҳодиса оқибатида жабрланганлар йўқ. Mash маълумотига кўра, аварияга учраган самолёт — Аэропракт А-22 «Летучая лисица». Телеграм-канал бирор манбага ҳавола бермаган ҳолда бу шундай русумли самолётнинг РФ ҳудудига илк бор парвоз қилиши эмаслигини хабар қилган.
Росгвардиядагилар тасдиқлашича, учувчида қурол ва аммуниция бўлган. «[Пилот] қуролланганди. Унда автомат, [автоматга] ўқдонлар, зирҳли нимча бўлган. ФСБ ходимлари у билан келгусида нима бўлишини ҳал қилишмоқда», — дея идора вакилининг сўзларини келтирган ТАСС. Агентлик суҳбатдоши учувчини дастлаб маҳаллий аҳоли вакиллари пайқаб қолишгани ва ҳуқуқ тартибот органларига мурожаат қилишганини қайд этган. Shot телеграм-каналига кўра, самолёт ҳалокатга учраганидан кейин учувчи қурол ва зирҳли нимчани кўмиб қўйган, қўлга олинганида қуролсиз бўлган.

Mash ва Baza манбалари самолёт бошқарувида бўлгани айтилган шахс сўроқ қилиниши акс этган видеони намойиш этди. У ўзини Александр Морозов деб таништиради ва фуқаролик учувчиси экани ва топшириқ бўйича аэрофотосъёмка билан шуғулланишини айтади: топшириққа кўра у бошқа самолёт ортидан паст баландликда учиб, кўрсатма берилганида фотосуратга олиши керак бўлган, бунинг учун унга 50 минг гривна тўлашни ваъда қилишган. Ушбу шахс РФ ҳудудида учаётганини билмаганини айтади — унинг сўзларига кўра, у Украина ҳудудида «жанубга қараб» учиши керак бўлган, ҳавога кўтарилганидан сўнг унинг планшети ўчиб қолган ва у ўз координаталаридан бехабар бўлган. У зирҳли нимча ва автомат унга тегишли эканини тасдиқлаган, уларни парвоздан олдин «хавфсизлик учун» беришган.
«Бизнинг ҳудудий мудофаа кучларимиз ва ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларини [текшириш учун] паст баландликдаги назорат парвози. Аммо улар осмондаги ҳамма нарсани ўққа тутиши туфайли зирҳли нимча кийган маъқул», — деган у. Унинг сўзларига кўра, қўнганидан сўнг у ўзини ҳудудий мудофаа жангчилари қурол билан кўриб отиб ташламаслиги учун автоматини улоқтириб юборган.

















