Феврал ойида Gallup International нотижорат халқаро ташкилоти Ироқнинг барча 18 вилоятида, 2024 нафар катта ёшли аҳоли ўртасида сўров ўтказган.

Ироқнинг АҚШ босқинидан олдинги ва ҳозирги ҳолати ҳақида сўралганда, респондентларнинг 60 фоизи вазият ёмонлашгани, 40 фоизи эса яхшиланганини айтган.

Ироқдаги кўпчилик шиа араблари 2003 йилдан кейин сиёсий жиҳатдан кучли таъсирга эга бўлди, бу эса сунний араблар, курдлар ва бошқа озчиликлар орасида норозиликни кучайтирди.

Ушбу мазҳаблараро бўлиниш сўровнома натижаларида ҳам акс этган: сунний мусулмонларнинг аксарияти, тахминан 54 фоизи, Саддам Ҳусайн даврида ҳаёт тарзи яхшироқ эди, деб ҳисоблаган.

60 фоиз киши бугунги кундаги вазият 2003 йилдагидан ёмонроқ деб ҳисоблашини айтган

Ушбу тушкун баҳога қарамай, тараққиётнинг баъзи белгилари бор. Респондентларнинг ҳар уч нафардан биригина Ироқнинг ҳозирги аҳволини ёмон дея таърифлайди.

Gallup International ўз архивига мурожаат қилиб, 2003 йилдаги худди шу саволга берилган жавоб натижаларини ҳозиргига солиштирганда, деярли ҳар уч ироқликдан икки нафари ўша пайтдаги вазиятни ёмон деб ҳисоблаганини аниқлаган.

«Вазият яхшилангани ёки ёмонлашганини айтиш қийин. Ўзгаришлар умид пайдо қилади ва биз ўтмишни унутамиз. Иқтисодиёт яхшиланган бўлиши мумкин, лекин ишлаб чиқариш камайди, хавфсизлик ёмонлашди», деган Анбар вилоятида яшовчи 45 ёшли эркак.

АҚШ 2003 йилда, Ироқда оммавий қирғин қуроллари борлиги ва Саддам Ҳусайн режими томонидан глобал хавфсизликка таҳдид мавжудлиги даъвоси билан Ироққа бостириб кирганди.

Аммо ҳеч қандай оммавий қирғин қуроллари топилмади. Бунинг ўрнига бу уруш юз минглаб ироқликлар ўлимига ва мамлакатда узоқ давом этган беқарорликка олиб келди.

АҚШ ҳукумати ўз ҳаракатларини оқлашга уринишига қарамай, кўплаб ироқликлар уруш бошланишининг асл сабабларига шубҳа билан қарайди.

Ироқ аҳолисининг тахминан 51 фоизи АҚШ Ироққа унинг ресурсларини ўғирлаш учун бостириб кирган дея ҳисоблайди.

Бу кайфият Анбар вилояти ҳамда нефт ва газга бой жануби-шарқий вилоятларда кучли.