Феврал ойи бошидан бери Москванинг Косино-Ухтомский райони аҳолиси ўз ҳудудида масжид қурилишига қарши кўчаларда намойишлар ўтказди.
Change.org веб-сайтида Святое кўли ҳудудида 60 минг кишига мўлжалланган масжид қуриш режалаштирилгани, бу жой «Россия ва Москванинг диний ва тарихий зиёратгоҳи» экани ҳақида петиция пайдо бўлди. Материал эълон қилинганидан сўнг, масжид қурилишига қарши бўлган 27 мингдан ортиқ киши петицияни имзолади.
18 март куни «Осторожно, Москва» телеграм-канали ушбу ҳудудда «диний маънавий-маърифий марказ» қуриш учун деярли 10 гектар ер ижарага берилгани ҳақида ёзди.
Москва шаҳар думаси депутати Евгений Ступиннинг таъкидлашича, аҳоли қурилиш учун «жуда катта ҳудуд» ажратилганидан ва расмийлар «масжид қуриш режаларини рад этмаётгани ёки тасдиқламаётгани»дан хавотирда эканини айтди. Аҳолининг журналистларга маълум қилишича, улар масжид қурилиши ҳақида черковда ёки танишлардан билиб олган.
12 март куни Святое кўли ҳудудида ўнлаб кишилар масжид қурилишига қарши намойиш ва насронийлар диний маросимини ўтказди. Бир ҳафта олдин эса одамлар плакат ва иконалар билан хоч юришини ўтказишган эди. Хабар берилишича, шундан сўнг полиция акциянинг айрим иштирокчиларини ноқонуний оммавий акцияни уюштирганлик, шунингдек, миллатлараро адоват қўзғатганлик учун жиноий жавобгарлик ҳақида огоҳлантирган.
«Осторожно, новости» телеграм-канали бир киши қурилиш майдончасида чўчқанинг бошини кўмиб ташлагани тасвирланган видеони тақдим қилди. Бир неча кундан кейин у ҳибсга олинган. Бошқа тафсилотлар ҳақида хабар берилмаган.

Кожуховодаги черкови роҳиби Алексий Митюшин черковда православлар иконаси борлиги ва одамлар уни зиёрат қилиш учун келиши, сўнгра кўлда чўмилиши ҳақида гапирди.
«Чўмилиш кийимидаги аёллар мусулмонлар учун номақбул воқеа. Маҳаллий аҳоли можаро ва тўқнашувлар юз бериши мумкинлигидан хавотирда. Бундай йирик исломий мажмуанинг православ зиёратгоҳи ёнида қурилиши одамларни хавотирга солмоқда», деди у.
19 март куни районда яшовчи 500 га яқин киши ибодатхона яқинида яна бир йиғин ўтказди. «Биз тинч жойга кўчиб келганмиз, масжид эса тинчлигимизни бузиши мумкин. Ҳудуд «ислом маркази»га айланади. Биз қарши эмасмиз, лекин бу қирғоқда эмас, балки ҳудудга мутаносиб, ичкарироқда қурилаверсин», деди акция иштирокчиларидан бири.













