Биргина қароримиз бутун ҳаётимизни ўзгартириб юбориши мумкин. Гоҳида кўнглимизга қулоқ солиб, ақлимизни эшитмай қўямиз. Кўнгил эса доим ҳам ҳақ бўлиб чиқавермайди.
Ўқитувчилар оиласида дунёга келган Раҳима (суҳбатдош хоҳишига кўра исми ўзгартирилди) 11 фарзанднинг кенжаси эди. У ака-опалари сингари ўқишни эмас, балки турмуш қуришни танлаган.
“4 ёшимда дадамнинг қон босими кўтарилиб, юролмай, гапиролмай қолди. Кўп ўтмасдан вафот этди. Оиланинг бутун оғирлиги онамнинг зиммасига тушди. Бувим билан биргаликда ўн бир фарзандни катта қилишди.
Акам ва опаларимни ўқитишди. Мен энг кичиги бўлганим учун доим кўнглимга қарашарди. Бироз эркатой эдим. Мактабни битирган йилим ўқишга юборишмади. Ҳозир ўйлаб қарасам, уларга осон бўлмаган экан.
Бир акам ва уч опам Тошкентда ўқишарди. Сен келаси йил ўқишга кетасан, иккитаси ўқишни битиради, дейишди.
Ёшликми, қайсарликми, хуллас, мен турмушга чиқаман, дедим. Синфдошимни севардим. Онам, акаларим, опаларим ҳаммаси қарши чиқишди. Ўқитамиз, ҳали ёшсан, дейишди. Қулоқ солмадим.
1993 йилда мактабни битирган бўлсам, 1994 йилда турмушга чиқдим. Уйимдагилар мажбуран рози бўлишди. Аввалига ҳаётимиз яхши эди. Лекин турмуш ўртоғим ҳақида кўп нарсаларни билмас эканман.
Биз оиласи билан бирга яшардик. Турмуш ўртоғим ишламасди. Қишлоқ бўлгани боис шоли, пахта экиларди. Келин бўлиб тушган уйимда қайнонам, унинг овсини ва болалари, қайнотамнинг онаси яшашарди. Кейинроқ эри вафот этган аммамиз ҳам бир қизи билан қайтиб келди.
Биз ҳам қўшалоқ келин бўлиб тушган эдик. Бу оиланинг каттаси момо қайнонам эди. Менинг қайнонамнинг ҳеч қандай ўрни йўқ эди. Биз келинларни айтмай қўяверай. Онам ҳаммасини билар экан. Шу сабаб ҳам бу оилага беришни истамаган экан.
Энг ёмони бу оилада ичкиликни севишарди. Бу катта, бу кичик деган гап йўқ, ҳамма ичаверарди. Шундай қилиб кунлар ўтди. Ҳомиладор бўлдим. Биринчи фарзандим тўрт ойлик бўлганида тушиб қолди. Иккинчиси уч ойликда тушди. Учинчиси – қизимни бағримга босдим.
Бу вақт орасида урушлар, не-не калтаклар бор. Уларни батафсил эслашни истамайман. Эрим ишламагани учун ичишига пули йўқ эди. Уйдан пул ололмасди. Лекин гуруч етиштирганимиз учун ҳамма вақт омборимизда тонналаб гуруч турарди. Шундан олиб ҳафталаб йўқ бўлиб кетарди.
Мен орзу қилган бахт шу эдими, дея ич-этимни ердим. Эримга ичкилик бўлса бўлди, бошқа нарса қизиқтирмасди. Қизим ярим ёшга тўлганида ажрашмоқчи бўлдим. Онамникига кетдим. Ўн кундан кейин эрим акаси билан келиб, олти ойлик қизимни олиб чиқиб кетди. Кун кеч бўлди ҳамки, боладан дарак йўқ, ноиложликдан қайтиб бордим. Болани бермаймиз, у бизники, сен кетавер, дейишди.
















