15:02 / 11.04.2023
7153

Ўзбекистон ва Қирғизистон Сўхдаги ерости газ омборини тиклашни бошлаяпти

Ўзбекистон президентининг Қирғизистонга давлат ташрифи чоғида Сўхдаги ерости газ омборини тиклаш билан боғлиқ келишувлар амалга оширилган эди.

Фото: yuz.uz

10 апрель, душанба куни Энергетика вазирлиги бошчилигидаги Ишчи гуруҳ «Шимолий Сўх» ерости газ сақлаш иншоотида табиий газни сақлаш тизимини тиклашга доир лойиҳа доирасидаги тадқиқотларни ўтказиш учун мавжуд муаммоларни ўрганиш мақсадида Қирғизистоннинг Қадамжой туманига борди.

«Янги Ўзбекистон» нашри хабарига кўра, Қирғизистон тарафидан тузилган ишчи гуруҳи билан учрашувда йўл харитасида кўзда тутилган тадбирларни амалга ошириш муҳокама қилинган. Қирғизистон ҳудудидаги газ қудуқларининг ҳолати кўздан кечирилиб, лойиҳа доирасида амалга ошириладиган навбатдаги қадамлар белгилаб олинган.

Ўзбекистон президентининг Қирғизистонга давлат ташрифи чоғида Сўхдаги ерости газ омборини тиклаш билан боғлиқ келишувлар амалга оширилган эди. «Шимолий Сўх» ерости газ сақлаш иншоотида табиий газни сақлаш тизимини тиклаш» лойиҳаси ҳам шу режадан ўрин олган.

Икки давлат энергетика вазирлари томонидан ҳам мазкур лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини тайёрлаш учун «Йўл харитаси» имзоланган. Ўзбекистон томонидан 15 кишидан иборат ишчи гуруҳ шакллантирилган. «ЎзЛИТИнефтгаз» билан биргаликда «Шимолий Сўх» ерости газ сақлаш иншооти қудуқларида дала тадқиқотларини ўтказиш учун техник топшириқ ишлаб чиқилган.

Top