Ўзбекистон | 09:33 / 11.04.2023
12106
2 дақиқада ўқилади

Умрзоқов пойтахт ҳокимлиги Россия бизнесининг Тошкентдаги иштироки ва ривожини қўллаб-қувватлашини айтди

Жорий йил 10 апрель куни Тошкент шаҳар ҳокими в.б. Шавкат Умрзоқовнинг Россия фавқулодда ва мухтор элчиси Олег Малгинов билан учрашуви бўлиб ўтди.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Тошкент шаҳар ҳокимлиги хабарига кўра, меҳмонларни қарши олган Шавкат Умрзоқов ташриф учун миннатдорлик билдириб, айни пайтдаги мамлакатлараро алоқаларнинг ривожланиш суръатларига давлатлар раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин томонидан ўрнатилган самарали мулоқот мустаҳкам замин яратганини айтган. 

"Шунингдек, пойтахт ҳокимлиги Россия бизнесининг Тошкентдаги иштироки ва ривожини қўллаб-қувватлашини, рақамлаштириш, туризм, илм-фан, тиббиёт, таълим, маданий-гуманитар соҳалардаги барча таклиф ва лойиҳаларни батафсил ўрганишга тайёрлигини таъкидлади", дейилади хабарда.

Олег Малгинов учрашув учун миннатдорлик билдириб, ўзаро иқтисодий, савдо, сиёсий ва бошқа алоқаларнинг фаол ривожланиши жараёнида Ўзбекистон пойтахти билан РФ ҳудудлари ўртасидаги мулоқотни жадаллаштириш мақсадга мувофиқлигини айтган. 

"Энергетик инфратузилмани янгилаш ва ривожлантиришда Россия корхоналарининг қизиқишини алоҳида таъкидлаб, бу йўналишда қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди", дейилади расмий маълумотда.

Учрашув якунида тарафлар 24-26 апрель кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган «Иннопром Марказий Осиё» халқаро саноат кўргазмаси юқорида қайд этилган мақсадлар учун қулай майдонга айланишига ишонч билдирган.

Мавзуга оид