Ўзбекистон | 11:11 / 14.04.2023
24269
2 дақиқада ўқилади

Дам олиш кунлари об-ҳаво кескин ўзгаради, кучли шамол ва ёмғир кутиляпти

Бугун Ўзбекистоннинг катта қисмида қуруқ ва жуда илиқ об-ҳаво сақланиб туради. Фақат республика шимоли-ғарбий ҳудудларига Туркманистон орқали Каспий денгизидан салқин ва нам ҳаво массалари кириб келади.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

"Ўзгидромет" хабарига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида ва кечга томон Бухоро, Навоий вилоятларида баъзи жойларда бироз ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳаво ҳарорати кун ўртасига бориб +33...+35 даражагача, айрим жойларда +37 даражагача кўтарилади, шимолий ҳудудларда +20...+25 даражадан ошмайди.

Эртага салқин ва нам ҳаво массалари кириб келиши шарқ томонга қараб ҳаракатланади. Ўзбекистон бўйича баъзи жойларда ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлади, айрим жойларда дўл ёғиши мумкин. Бухоро, Навоий, Қашқадарё вилоятларида фақат кечаси ва эрталаб момақалдироқли ёмғирлар сақланиб туради. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Сурхондарё вилоятларида ёғингарчилик кузатилмайди. Кундузги ҳаво ҳарорати +20...+25 даражагача пасаяди.

Якшанба куни республикада ёғингарчилик кутилмайди., фақат Тошкент вилояти ва Фарғона водийси вилоятлари баъзи жойларида ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳаво ҳарорати кечаси +10...+15 даражани, кундузи +20...+25 даражани ташкил этади, шимолда кечаси +0...+5 даражагача, кундузи +7...+12 даражагача пасаяди.

Республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 17-22 м/с гача кучайиши кутилмоқда, баъзида эса 25-28 м/с гача кучайиши мумкин. Тоғолди ва тоғли ҳудудларида вақти-вақти билан ёмғир ёғади, дам олиш кунлари баъзи жойларда қорга айланади. Дам олиш кунлари сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.

Бугун пойтахтда ёғингарчилик кутилмайди. Шамол 5-10 м/с тезликда эсади, 12-15 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳаво ҳарорати +32...+34 даражагача кўтарилади.

Шанба куни вақти-вақти билан ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлади, дўл ёғиши мумкин. Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 5-10 м/с тезликда эсади, 12-17 м/с гача кучайиши мумкин. Якшанба куни кечга томон бироз ёмғир ёғади. Шамол шимоли-шарқий йўналишда 5-10 м/с тезликда эсади. Дам олиш кунлари ҳарорат кечалари +11...+13 даражани ташкил этади, кундуз кунлари +21...+23 даража атрофида бўлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид