АҚШ Миллий гвардияси ҳарбий-ҳаво кучлари разведка бўлимининг 21 ёшли ходими Жек Тейшейра Пентагон махфий ҳужжатларининг кенг миқёсда тарқалишига алоқадорликда гумонланиб, қўлга олинди. Пентагоннинг Украинадаги уруш ва бошқа миллий хавфсизлик масалаларига оид нозик мавзулардаги махфий ҳужжатлари очиқ манбаларга чиқиб кетиши, камида сўнгги ўн йилликдаги АҚШ разведкасидан энг катта маълумотлар сиздирилиши деб айтилмоқда.

Тейшейранинг дўстлари уни на сиёсий фаол, на маълумот тарқатувчи деб ҳисоблашини айтган. Нега унда нисбатан паст унвондаги учувчи ҳеч қандай аниқ мотивациясиз жуда қимматли ҳужжатларни интернетга юклаган?

Жек Тейшейра 21 ёшда, у Массачусетс штатидаги АҚШ Миллий гвардияси ҳарбий-ҳаво кучларининг 102 разведка бўлими ходими. У 2019 йилда гвардиячилар сафига қўшилган ва ўз фаолиятини кибертранспорт тизимлари бўйича кичик мутахассис сифатида бошлаган.

Тейшейра 2022 йил июл ойида 1-даражали учувчига айланган. Йигитнинг навбатдаги лавозим юқорилаши ҳақидаги хабар Массачусетс Миллий гвардияси ҳарбий-ҳаво кучларининг 102-разведка бўлимининг Facebook’даги расмий саҳифасида эълон қилинган.

Аммо ўз карьераси бошидаёқ Тейшейра махфий маълумотларга киришнинг юқори даражасига эга бўлганди, чунки у ҳарбий алоқа тармоқлари ва уларнинг ҳимоясини таъминлаш учун масъул бўлган IT-мутахассис эди.

Қурол ва халқаро сиёсатга муҳаббат

New York Times газетаси ёзишича, Тейшейра ишдан бўш вақтида 20-30 кишидан иборат Thug Shaker Central деб номланган кичик онлайн гуруҳни бошқарган. Бу гуруҳ аъзолари асосан қурол-яроғ ва онлайн мемларга бўлган қизиқиш асосида бирлашган ёшлар ва ўсмирлардан ташкил топган. Уларнинг баъзиларида ирқчилик руҳи ва видеоўйинларга қизиқиш ҳам катта бўлган.

Ушбу гуруҳ геймерлар орасида машҳур бўлган Discord платформасида тўпланган. Айнан шу платформага Пентагоннинг бир неча ўнлаб махфий ҳужжатлари жойлаштирилган. Тейшейра кўп йиллардан бери ушбу сайтдан фаол фойдаланиб келган ва бу ерда OG тахаллуси билан танилган.

Тейшер билан гаплашганларнинг баъзилари OG кўпинча АҚШнинг қаттиқ қўриқланадиган сирларини билишини айтиб мақтанганини гапирган.

Суҳбат иштирокчиларидан бири Тейшейрани ёш, харизматик қурол ишқибози сифатида тасвирлаган. Шубҳасиз, Жек гуруҳнинг аксарият аъзоларидан каттароқ бўлган ва уларни ҳайратда қолдиришга ҳаракат қилган.

The Guardian нашри билан суҳбатлашган, Thug Shaker Central гуруҳи аъзоларининг таъкидлашича, OG уларни халқаро сиёсат ва ҳукуматнинг яширин операцияларига қизиқтиришга ҳаракат қилган.