Жаҳон | 07:33 / 17.04.2023
7306
2 дақиқада ўқилади

Испания яқинида Жефф Безоснинг 500 млн долларлик янги суперяхтаси синови бошланди

Жефф Безоснинг қиймати 500 миллион доллардан ортиқ бўлган янги суперяхтаси Испания қирғоқлари яқинида денгизда синовдан ўтказила бошланди. Amazon асосчиси кемани ёз мавсуми бошланишига қадар қабул қилиши мумкин. Нидерландиянинг Оceanco кемасозлик ширкати томонидан қурилган 127 метрлик учта устунли кема дунёдаги энг катта елканли яхтага айланди.

Фото: EPA

Amazon асосчиси Жефф Безоснинг янги суперяхтаси ўтган ҳафта Нидерландиядаги кемасозлик ширкатини тарк этди ва 12 апрель, чоршанба куни Испания қирғоқлари яқинига, Майоркадан унча узоқ бўлмаган ҳудудга келди ва у ерда синовдан ўтказилмоқда. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди.

Агентлик манбасига кўра, яхтада кеманинг барча элементлари тўғри ишлашини таъминлашга ёрдам берадиган денгиз синовлари бошланди. Безосга етказиб беришдан олдин, кема ҳали охирги ишлов бериш учун ширкатга қайтарилиши мумкин. Миллиардер ёз мавсуми бошигача яхтага эга бўлади, дея қайд этган Bloomberg.

Илгари Y721 номи билан танилган кема энди Koru деб рўйхатга олинди. Кору - маори санъатининг спирал элементи бўлиб, у янги ҳаёт, маънавий ўсиш ва тараққиётни англатади. 127 метр баландликдаги Koru, Boat International маълумотларига кўра, дунёдаги энг катта елканли яхта ва Нидерландиянинг Oceanco ширкати томонидан қурилган энг катта кемалардан биридир.

Кема очиқ денгизга чиқа олиши учун Роттердам ҳукумати тарихий De Hef кўпригини қисман демонтаж қилишга тайёр эди. Кўприкнинг марказий қисмини 40 метрга кўтариш мумкин, аммо бу масофа унинг остидан уч устунли яхта ўтиши учун етарли эмас. Кейинчалик Oceanco жамоатчиликнинг норозилиги туфайли бу ғоядан воз кечди ва кемани мачталарсиз денгизга олиб чиқди.

Bloomberg қайд этишича, Безоснинг янги яхтаси биринчи марта муаммо туғдираётгани йўқ. Елканлар катталиги туфайли кема бортида вертолёт майдончасини жойлаштиришнинг имкони бўлмади, шунинг учун Amazon раҳбари платформа билан жиҳозланган ёрдамчи яхтага буюртма берди, у ҳамма жойда асосий кемани кузатиб боради. Агентлик маълумотларига таяниб, ҳозирда кема Koru'нинг денгиз синовларига қўшилиш учун Атлантика океанини кесиб ўтмоқда.

Мавзуга оид