Жавоб ўйинида ҳам «Қироллик клуби» лондонликларни мағлуб этди.

ЕЧЛ. 1/4 финал. 18 апрел
Жавоб ўйинлари
Челси — Реал 0:2
Голлар: Родриго (58, 80). 
Челси – Аррисабалага, Жеймс, Силва, Чалоба, Фофана, Кукурелья (Мудрик, 68), Ковачич, Канте, Галлаҳер (Фелиш, 67), Фернандес (Стерлинг, 67), Ҳавертц (Маунт, 77).
Реал – Куртуа, Карвахаль (Начо, 82), Алаба (Рюдигер, 46), Милитао, Камавинга, Модрич, Кроос (Себальос, 76), Вальверде, Винисиус, Родриго (Асенсио, 81), Бензема (Тчуамени, 71).
Огоҳлантиришлар: Милитао (22), Кукурелья (34), Жеймс (50), Мудрик (89).
Биринчи ўйин — 0:2.

Оғир вазифа

Баъзи ҳолларда ўйин тақдирида бурилиш ясаш мумкинлигига олдиндан ишониш мумкин. 2017 йилда «Барселона»га «ПСЖ»га қарши афсонавий баҳсда Месси, Неймар ва Суарес ёрдам беришганди. 2019 йилда «Ливерпул» ҳатто Салоҳсиз ҳам каталонияликларни тор-мор этганди, аммо ўшанда мисрлик футболчи жароҳатига қарамай, «Never give up» («Ҳеч қачон таслим бўлма») ёзуви туширилган футболкада стадионга келган ва жамоасига куч берганди.

«Челси»да эса «Реал»га қарши жавоб ўйини олдидан бундай устунликлар йўқ эди. Таркибда барселоналик триони узоқдан бўлса ҳам эслатадиган футболчилар йўқ. Клуб футболчиларига Салоҳнинг футболкасидаги каби иштиёқ ўрнига хўжайиндан танбеҳ берилди. Нуфузли The Telegraph нашри ёзишича, «Челси» хўжайини Тодд Боэли шанба куни навбатдаги мағлубиятдан кейин («Брайтон»га қарши 1:2) жамоа кийим алмаштириш хонасида бир соат қолиб кетган ва натижа учун футболчиларни уялтирган.

Ҳозир Фрэнк Лэмпардга ҳавас қилиб бўлмайди. У «Челси»га халоскор-афсона мақомида ташриф буюрди, аммо унинг дастлабки иш ҳафталари тушкун кечди: уч ўйинда уч мағлубият. Аммо барчасини бир кечада ўзгартириш мумкин эди — бунинг учун Чемпионлар лигасининг амалдаги ғолибини учта тўп фарқи билан енгиш талаб этиларди.

Канте — ҳужумда

Лэмпард ўзида кузирлар йўқлигини тушуниб турарди, шунинг учун нимадир ўйлаб топиш керак эди. Тўғри, Мадриддаги ўйинда «Челси» мураббийлар штабининг ғоялари жамоа ўйинини фақат ёмонлаштирди, аммо барча хато қилиш ҳуқуқига эга. Бу сафар Фрэнк ва-банкка бориб, ҳужумда уч футболчи тушириш билан барчани ҳайратлантирди. Бу мавсумда вазиятларни кўкка совуриши билан кўпчиликнинг кулгисига қолаётган Ҳаверц бошланғич таркибга қайтди. Захира ўйинчиси, ёзда трансферга қўйилиши кутилаётган Галлаҳер ҳам илк дақиқалардан ўйнади. Учинчи форвард эса Канте эди. Лэмпард, афтидан, ушбу француз жароҳатдан тузалиб сафга қайтганидан кейин кўрсатаётган гиперфаолликдан кучли таассурот олган, шу туфайли Нголо олдинги чизиққа юборилди.