Бу Uzbekistan’s Club креатив жамоасининг мана шундай глобал миқёсдаги иккинчи форуми саналади. «O‘zbekistonlik» биринчи форуми 2022 йил 1 октябрь куни Германия пойтахти Берлин шаҳрида бўлиб ўтганди.

Париж форумида дунёнинг турли бурчакларида катта муваффақиятга эришиб, жаҳон тоифасидаги профессионалларга айланган 200дан ортиқ ватандошларимиз, Ўзбекистондан ташриф буюрган креатив ва медиа саноатининг етакчи вакиллари иштирок этишди. «O‘zbekistonlik. Generating Ideas»халқаро форумининг мақсади - хорижда муваффақиятга эришган ўзбекистонликлар ўртасида глобал нетворкинг майдонини яратиш, Ўзбекистон тараққиётига хизмат қилиши лозим бўлган муҳим масалаларда фикр алмашишдан иборат. Шу мақсадда форум давомида инсон капиталини ривожлантириш, экология ва яшил иқтисодиёт, рақамли технологиялар ва креатив соҳалар каби мавзуларда муҳокамалар панели бўлиб ўтди.

Форумда “O‘zbekistonlik” фильмининг учинчи қисми премьераси бўлиб ўтди. Муваффақиятга эришган ватандошларимиз ҳаётидан ҳикоя қилувчи фильмнинг навбатдаги эпизодида Страсбург филармония оркестри бадиий раҳбари ва дирижёри Азиз Шоҳакимов ва Shell компанияси IТ-архитектори Мадина Бердиеванинг ҳикоялари намойиш этилди. Эпизоднинг оммавий премьераси 26 апрел куни соат 18:00 да YouTube ва My5 телеканали орқали бўлиб ўтади.

Форум очилишида сўзга чиққан Ўзбекистоннинг Франция ва Португалиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сардор Рустамбоев лойиҳани қўллаб-қувватлашини, бу ўзбекистонлик ёшлар учун катта мотивация майдонига айланганини таъкидлади ва жамоага омад тилади.

Форумнинг энг асосий мавзуларидан бири Оролбўйи минтақаси муаммолари ва тобора йўқолиб бораётган Орол денгизи ҳақида бўлди. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Aral Dream нодавлат нотижорат ташкилоти жамоаси томонидан тайёрланган Оролбўйи муаммолари гирдобида яшаётган қорақалпоғистонликларга бағишланган “Туз ичидаги аёл” туркум лойиҳалари тақдимоти бўлиб ўтди. Лойиҳа қорақалпоғистонлик аёллар портрети, қисқа метражли фильм ва Орол денгизидан илҳомланиб тайёрланган модалар кўргазмасини ўз ичига олади. “Туз ичидаги аёл” лойиҳасининг мақсади иқлим ўзгариши ва унинг Оролбўйи минтақасида яшовчи аёллар ҳаётига таъсирига жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини жалб қилишдан иборат. Қисқа метражли фильмнинг онлайн премьераси 25 апрел куни araldream.com сайтида бўлиб ўтади.