Марказий банк департаменти директори Фазлиддин Бозоровнинг айтишича, банкларда нақд пулларни саралаш жараёнида улар “муомалага яроқли”, “эскирган”, “тўловга яроқсиз” пуллар тоифаларига ажратилади.
Сийқаланмаган, яъни банкнот қоғозининг мустаҳкамлиги, уни яна муомалада айланиши учун имконият берадиган даражада мустаҳкам пуллар “муомалага яроқли” банкнотлар тоифасига киради. Бундай банкнотларнинг шикастланганлик даражаси қуйидагича бўлиши керак:
- банкнотнинг айрим қисмига ёзувлар ёзилган ёки бўялган бўлиши мумкин;
- агар бўялган ёки бўёқ тўкилган бўлса, бу жой банкнот умумий ҳажмининг 5 фоизидан ошмаслиги керак;
- банкнотнинг йиртилган, тешилган жойининг диаметри ёки йиртилиб тушган қисми бир сантиметрдан ошмаслиги керак;
- бу шикастланишлар банкнотнинг номиналини ёки унинг ҳақиқийлигини аниқлашга халақит бермаслиги лозим;
- • банкнотнинг ранги кескин тарзда ўзгармаган бўлиши ҳам талаб этилади.
Бу талабларга жавоб берадиган пуллар “муомалага яроқли”, жавоб бермайдиганлари эса “эскирган пуллар” ҳисобланади. Эътиборлиси шундаки, эскирган пуллар ҳам савдо нуқталарида қабул қилиниши шарт.
Энди “тўловга яроқсиз” пуллар тоифасига келсак. Банкнот юзасининг 55 фоизидан кам қисми сақланиб қолган пуллар тўловга яроқсиз ҳисобланади ва улар савдо шохобчаларида қабул қилинмайди. Шунингдек, пул олди-бердисида банкнотларнинг тегишли ҳимоя белгиларига эга бўлишига жиддий эътибор қаратиш зарур.
Қуйидаги шикастланиш белгилари мавжуд бўлган банкноталар муомалага яроқсиз тўлов воситаси ҳисобланади:
- бўлакларга ажратилган, шу жумладан ёпиштирилган бўлса;
- дастлабки ранги ўзгарган ёки ранги ўчган бўлса;
- ёнган ёки куйган ҳолатда бўлса;
- қонуний тўлов воситаси эканлигини кўрсатувчи асосий белгиларидан бирининг 50 фоизидан ортиқ қисмига мой, бўёқ ёки сиёҳ тўкилган бўлса;
- банкнотада кимёвий реактивлар таъсири бўлса;
- муайян даражада қасддан шикастланган ҳолда тасвир (сурат, портрет) ўзгартирилганда, номинали ўзгартирилган, ҳимоя ипчалари олиб ташланган, катта ҳажмдаги ёзувлар бўлса;















