Иш ҳақи ошади

Президент фармонига кўра, 1 май кунидан бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи миқдори 7 фоизга оширилади. Шунингдек, Ўзбекистон ҳудудида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори – ойига 980 минг сўм, базавий ҳисоблаш миқдори – ойига 330 минг сўм этиб белгиланади.

Жарималар учун 50% чегирма

Тегишли қонунга мувофиқ 2023 йил 1 майдан маъмурий жарималарни 15 кун ичида тўлаганлик учун чегирма миқдори оширилади. Бунда ҳуқуқбузар унга жарима солиш тўғрисидаги қарор топширилган кундан бошлаб 15 кун ичида жарима миқдорининг 50 фоизини ёки 30 кун ичида 70 фоизини ихтиёрий равишда тўлаган тақдирда, у жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод қилинади. Мазкур тартиб суд қарорига асосан қўлланадиган жарималарга нисбатан ҳам татбиқ этилади.

Имтиёзли транспорт карталари “ишга тушади”

1 майдан шаҳар йўловчилар транспортида айрим тоифадаги фуқароларга бепул юриш ҳуқуқини берувчи имтиёзли транспорт карталари республиканинг барча шаҳарларида берилади. Президент қарорига мувофиқ шаҳар йўловчилар транспортида айрим тоифадаги фуқароларга бепул юриш ҳуқуқини берувчи имтиёзли транспорт карталарини бериш республиканинг барча шаҳарларида амалга оширилади.

Айримларга хариди учун қўшилган қиймат солиғи қайтарилади

Президентнинг тегишли қарорига асосан 2023 йил 1 майдан бошлаб «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган жисмоний шахсларга айрим турдаги товарлар хариди учун қўшилган қиймат солиғи қайтариб берилади. Яъни «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган жисмоний шахслар чакана савдо объектларида тухум, ўсимлик ёғи ҳамда мол, қўй, парранда гўштлари харидини амалга оширганда ва ушбу харидни солиқ органларининг махсус мобил иловасида харид чекининг фискал белгисини матрицали штрих код (QR-код) ёрдамида сканерлаш орқали рўйхатдан ўтказганда, уларнинг банк карталарига ҳар ой якуни билан харид суммасининг 1 фоизи миқдоридаги тўлов ўрнига, харид суммасида тўланган қўшилган қиймат солиғи суммаси республика бюджетидан қайтарилади.