Phantom Corsair’нинг яратилиши ўзига хос тарихга эга. Унинг яратувчиси Раст Ҳайнс эса ҳеч қачон тартибли шахс бўлмаган. Ишларини хоҳишларидан келиб чиқиб бажарган. Хусусан, у 22 ёшида нуфузли Йел университетидаги ўқишини ташлаб кетади ва уйига қайтади. 

 

Оиласининг кутилмаларидан фарқли ўлароқ, Раст кетчуп ва майонез ишлаб чиқаришга умуман қизиқиш билдирмайди. Йигит дизайн билан шуғулланишни бошлайди. Раст ўзига Cоrd 810/812 автомобилини сотиб олади ва уни қандайдир ўзгача кўринишга келтиришни истайди.

Бой оиланинг меҳнатдан йироқ меросхўри бу жараёнга шу даражада қизиқиб қоладики, кўп вақтини китоблар ва чизмалар билан ўтказишни бошлайди. Бу изланишлар кўп ўтмай унинг қўлида Америка автомобиль саноатига буткул нотаниш бўлган ўзига хос лойиҳа сифатида намоён бўлади.

Раст орзусидаги автомобиль дунёга келишини амалга ошириш учун Пасадина шаҳридаги (Калифорния штати) кузов ательеси — Bohman&Schwartz’га мурожаат қилади. Бир нечта синовлар ўтказилади, хатолар қилинади. Шундан сўнг фастбэк кўринишидаги тўлиқ алюминли кузов тайёр бўлади. Автомобиль оптимал тезлик хусусиятларига эга бўлиши учун кузов аэродинамик синовлардан ўтказилади.

Синов натижаларидан келиб чиқиб, сўнгги муҳим ўзгаришлардан бири киритилади. Суйриликни ошириш учун олд ғилдиракларни яширишга қарор қилишади. Кузов тўлиқ қўлда яратилган, олд ва орқа чироқлар ҳам махсус буюртма билан ясатилади. Хром билан қопланган бамперлар кузовга ўзгача ечим билан ўрнатилади — улар инновацион телескопик мосламага маҳкамланади.

Автомобиль салони прототипига 6 киши жойлашиши мумкин эди. Олди қаторга 2 киши, ортки ўриндиққа эса 4 киши. Лимузиннинг эшиклари электрон қулфлар билан жиҳозланади — бир марта босиш билан эшикларни автомат очиш мумкин бўлади. Ойналарга бироз яшил тус берилади. 

Бошқарув панели ҳатто ўта тажрибали ҳайдовчини ҳам даҳшатга соларди. Конструкторлар бошқарув панелини худди самолётники каби қилиб ишлаб чиқишади — унда турли хил индикаторлар, ўчириб-ёқиш тугмалари бор эди. Бундан ташқари ҳайдовчи ва йўловчи хавфсизлигига ҳам жуда катта эътибор қаратилганди. Йўл транспорт ҳодисаси бўлганда автомобиль кузови бор зарба ва зарарни ўзига олиши ҳисобга олинганди.